ICG: 'БМТ аралашувисиз можаро қайта бошланиб ёйилиб кетиши мумкин'

Image caption Халқаро Инқироз Гуруҳи раҳбарига кўра, Қирғизистон жанубидаги вазиятга халқаро аралашув таъминланмаса можаро қайта бошланиб, ёйилиб кетиши мумкин.

Халқаро Инқироз гуруҳи раҳбари Луиз Арборнинг айтишича, Қирғизистон жанубидаги вазиятга халқаро эътиборни қаратиб, БМТ Хавфсизлик Кенгаши аралашуви таъминламаса можаро қайта бошланиб, ёйилиб кетиш хавфи бор.

Аммо мамлакат жанубидаги зўравонликлар бошланганидан бир неча кунгина ўтиб, Муваққат ҳукумат расмийлари, хусусан шахсан Рўза Ўтинбоева ҳам "учинчи томон" ёрдами кераклигини маълум қилганди.

Шу вақтгача бу каби ёрдам даъвати жавобсиз қолиб келмоқда экан, халқаро аралашувга бирон умид борми?

Арбор хонимга кўра, агарда бу каби аралашув бўлмаса, оқибатлари хавфли бўлиши мумкин.

Луиз Арбор: Муваққат президент Ўтинбоева хоним нотинчлик бошланганидан сўнгги 24 соат ичида зудлик билан ёрдамга чақирди. У хусусан, Россиядан кўмак сўради. Шундай экан, бу ҳукумат ёрдамни қабул қилишга хоҳиши йўқ эди, деб бўлмайди. Аксинча. Менинг ўйлашимча, бу ҳодисаларга муносабат билдиришда халқаро ҳамжамият сусткашлик қилди. Қўшма Штатлар ва Россиянинг бу мамлакатда ҳарбий манфаатларга эгалиги ҳисобга олинса, бу ҳол жуда ҳайратланарлидир.

Би-би-си: Демак ҳеч ким ушбу нозик минтақада тарафкашлик қилаётгандек кўринишни истаймади, бу эса ўз навбатида муаммо туғдирмоқда, шундайми?

Луиз Арбор: Айнан мана шунинг учун Хавфсизлик Кенгаши ҳар қандай халқаро аралашув учун ваколат бериши керак эди. Чунки,ўшанда бу ваколат қонуний, салоҳиятли бўлган бўларди. Шундан кейин, икки тараф, минтақа вакиллари ва бошқа Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотини сафарбар қилиш осон кечарди. Ва барча турдаги ташкилотлар кейин можарога аралашишга ҳаракат қилган бўларди.

Би-би-си: Нима учун бу каби ваколат берилмади ва нима учун халқаро ҳамжамият бу каби ишни қилмади?

Луиз Арбор: Билмадим. Халқаро матбуот мунтазам бу дунёнинг энг ўрганилмаган қисми эканини такрорлади. У ерни билганлар эса зудлик билан аралашишга хоҳишлари бўлмади, бошқалари уни харитадан илк бор топиб, кўришди. Менимча, асосий иш ҳозир Хавфсизлик Кенгаши аралашувини таъминлаш. Жорий ҳафта жуда муҳим нуқта менинг назаримда. Бу можаронинг яна бошланиб кетиш ва ёйилиб кетиш хавфи бор. Вазият барқарорлашган тақдирда ҳам, инсонпарварлик ёрдамлари етказиш жараёнига ҳамкорлик қилиши учун ва алал оқибат ҳодиса юзасидан текширувларга ёрдам бериши учун кучларга эҳтиёж бор. Бу ҳукумат қандай қилиб, икки ой олдинги ғалаёнлардан сўнг режаланган референдум, сайловлар томон қадам қўйиши мумкинлигини мантиққа сиғдириш қийин эди. Эндига келиб эса, халқаро хавфсизлик кафолатларисиз бу ишларни қоидага мувофиқ амалга ошириш имкони кўринмайди.

Би-би-си: Халқаро хавфсизлик кафолатлари билан бирга муваққат ҳукуматни ҳам қайсидир маънода барқарорлаштириш керак эмасми? Чунки, жуда кўп муаммоларнинг илдизи муваққат ҳукумат назорати йўқлигига бориб тақалмайдими?

Луиз Арбор: Аслида Сиз ҳақсиз. Аммо, бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин эди. Чунки, хавфсизлик кучларининг айрим аъзолари ҳукумат тўла назорати остида бўлмаган бўлиши мумкинлиги ва улардан айримлари зўравонликларни ўзлари амалга оширганлари хусусида айбловлар янграганди. Ва бу аниқ айни ҳукуматнинг салоҳиятини савол остига олувчи ҳол. Унинг салоҳияти жуда чекланган. Муваққат ҳукумат анчайин заиф экани аниқ. Мамлакат ичкарисида сиёсий дастакка эга эканилиги ҳам маълум эмас.