ОХҲТ Қирғизистондан кузатувчиларини чақириб олмоқда

Image caption Роза Ўтинбоева референдум муваққат ҳукуматга қонунийлик тусини беради, деб умид қилмоқда

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти хавфсизлик сабаблари туфайли Қирғизистондаги 300 нафар кузатувчиларини чақириб олаётганини маълум қилган.

Қирғизистон Марказий Сайлов Комиссиясига кўра, сўз қисқа муддатли кузатувчилар ҳақида бормоқда.

Ташкилотнинг Қирғизистонда қолаётган 90 нафар кузатувчилари якшанба кунига мўлжалланган референдумни кузатишади.

Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати референдум мамлакатдаги жараёнларни ҳуқуқий майдонга қайтариш учун муҳим эканини таъкидлаб, уни ўз вақтида ўтказишини айтган.

Айни пайтда халқаро экспертлар мамлакат жанубида юз минглаб одамлар зўравонликлардан қочиб, уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган пайт референдумнинг қанчалик қонуний бўлишини савол остига олишмоқда.

Аммо қирғиз расмийлари референдум зўравонликларга барҳам бериш учун ҳам муҳим эканини таъкидлашган.

Яқинда Қирғизистонга сафар қилиб, Роза Ўтинбоева билан учрашган Британия парламентининг Марказий Осиё бўйича гуруҳи раҳбари Лорд Вейверли Би-би-си билан суҳбатдазўравонликларга қарамай, референдумни ўтказишнинг муҳим эканини айтди.

Жаноб Вейверли Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг хавфсизлик ҳавотирлари сабаб ўз кузатувчиларини чақириб олиш қароридан таассуф изҳор қилди, аммо сентябр ойига мўлжалланган парламент сайловларига тўлақонли кузатувчилар ҳайъатини юбориш имкони бўлади, деб умид қилаётганини билдирди.

Аммо Вашингтондаги Карнеги илмий тадқиқот марказининг Марказий Осиё бўйича етакчи эксперти Марта Брил Олкот ҳозирги вазиятда референдум ўтказиш қарори хато эканини айтади.

"Мен ҳозирда референдум ўтказиш қарорини оқил қарор, деб айтмаган бўлардим. Бу нарса мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш учун кўмак бермайди. Референдум натижаси билан муваққат ҳукумат ўз олдида турган мушкул муаммоларни ечиш учун аксарият аҳолининг овозини ололмайди. Бу худди ҳали уддасидан чиқмаган ишинг учун омма қўлловини сўраётган билан баробар", - дейди Олкот хоним.

Ғазабнок оломон

Айни пайтда сешанба куни Ўш вилоятининг Новқат туманида бўлган муваққат президент Роза Ўтинбоева туман ҳокимияти биноси олдида ғазабнок олмон томонидан қарши олинган.

1000 га яқин намойишчилар муваққат ҳукумат ҳокимиятга келганидан буён нарх-навонинг ошиб кетганидан норозилик билдириб, референдум ўрнига сайловлар ўтказишни талаб қилганлар.

Франс-Пресс хабар агентлиги намойишчилардан бирининг "ёғ, ун, бензин-ҳамма нарсанинг нархи ошиб кетган, биз жуда ҳам ёмон яшаяпмиз" деган сўзларини келтиради.

Туман фаоллари ва оқсоқоллари билан референдумга тайёргарлик жараёнини муҳокама қилган Ўтинбоева хоним хокимият биносидан чиқиб, қўриқчилар ҳамроҳлигида машинасига қараб чопгани айтилади.

Ўтинбоева хонимнинг матбуот котиби Новқатдаги намойишни "иғвогарлик ҳаракати" деб атаган.

Сешанба куни қирғиз ҳукумати октябр ойига мўлжалланган парламент сайловларининг сентябрда ўтказилишини эълон қилган.

Якшанба кунги референдум муҳокамасига Қирғизистонни парламент республикаси деб эълон қилиши кутилаётган янги Конституция қўйилган.

Рейтер хабар агентлиги Бишкекдаги ўзбекларнинг референдумни бойқот қилишлари ҳақидаги сўзларини келтиради.