Азимжон Асқаровнинг ҳам, унинг адвокати тақдиридан ҳам хавотир

Азимжон Асқаров
Image caption Азимжон Асқаров зўравонликларга оид далилларни тўплаб юрган пайтида қўлга олинган

Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туман милициясида сақланаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг қийноқларга тутилаётганини хабар қилган адвокати Нурбек Токтакунов ўз хавфсизлигига ишонмаслигини айтган.

Азимжон Асқаров Бозорқўрғонда қуролсиз кишиларга қарата ўқ отган ҳужумчиларни видеотасвирга туширган.

У 13 июн куни шу туманда ўзбекларга тегишли хонадонлар ва бошқа биноларга қарши уюштирилган ҳужумларни фото ва видеотасвирга олаётган пайтида қўлга олинган эди.

Шундан буён инсон ҳуқуқлари ҳимоячисини Бозорқўрғон милициясида сақлашмоқда.

Азимжон Асқаровга ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳамда миллий низо қўзғаш айбларини қўйишган.

Маҳаллий инсон ҳақлари фаолларига кўра, Қирғизистон хавфсизлик хизматлари қўлларидаги далилларнинг қаердалигини айтиши учун Азимжон Асқаровни ҳибсхонада тинимсиз калтаклашмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Халқаро Амнистия ташкилоти қирғизистонлик масъулларни ўзбек маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровни озод этишга чақирган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари айтишларича, бу ҳолат давом этса, Азимжон Асқаровнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.

Азимжон Асқаровни ҳимоя қилишга киришган маҳаллий адвокат Нурбек Токтакунов ҳимоясидаги маҳбус билан учрашишга изн беришмаётганини айтган.

22 июн куни Асқаров билан қўриқчилар ёнида учрашишга муваффақ бўлган адвокат унинг ҳамма гапни айтишга қўрқаётганини сезган.

"Шунда мен ходимларнинг олдида унинг(Азимжон Асқаровнинг) танасини текширдим ва белида, буйраклари атрофида кўкарган жойларни кўрдим", деб айтган Нурбек Токтакунов.

Олдинроқ Азимжон Асқаровни қийноққа тутиб, нуқул буйрагига уришаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

23 июн куни Бозорқўрғон туман прокуратураси биносида адовкат Нурбек Токтакуновнинг ўзига бир неча шахс ҳужум қилган.

"Фергана.ру" ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда Нурбек Токтакунов ўзининг хавфсизлигига ишонмаслигини айтган.