Бугунги Ўш: кўзларда нам йўқ...

ўзбеклар маҳалласи

Ўш, 23 июнь. Муқаддас Сулаймон тоғини ғарб томондан айланиб ўтувчи Навоий кўчаси бўйлаб шаҳар марказига кетаяпмиз.

Қадим ҳунармандлар маҳалласини таниб бўлмайди.

Куйиб харобаларга айланган уйлар, дўконлар...

Ушбу сўлим маскан ширин таомли ошхоналари билан ҳам машҳур эди.

Тушлик пайти улов қўйгани жой топилмасди.

"Энди ҳаммаси ўтмишда," - дейди рангсиз кўзларини бизга қадаб озғин қария.

У кул бўлган уй олдида ҳайкалдек қотиб турибди.

Маҳалла кимсасиз. Бир-икки гуруҳ ёшлар масжид ёнида куймаланиб юрибди.

Кўчанинг уч жойида ҳарбийлар постлари.

Қуролли йигитлар уловни синчиклаб текширади.

Ўшнинг марказий кўчаларида ҳам одам сийрак.

Аксар дўконлар ҳали очилмаган.

Бугун бир неча банк иш бошлади.

Аммо мижозлар кўп эмас.

Навбат кутаётган одамлар Калашников автомати билан кириб келаётган йигитларга ҳадик кўзи билан қарашади.

Кўпчилик ўз маҳалласидан чиқишга қўрқади.

Бугун бир йигит мўъжазгина ошхонасини очибди.

Ўша ерда оғиз ҳўллашга муваффақ бўлдик.

Ёнимизда ўтирган аёл ҳам дардини шивирлаб тўкиб солади.

"Қўшним яқинларини йўқотиб ақлдан озди, кўчада ашула айтиб юрибди," дейди у.

Маҳаллий рўзномаларда ҳамкасблар Бишкекдан юборилган инсонпарвар ёрдамини бўлишаётган экан.

Улар олти қаламкаш жароҳат олганини айтишади.

Кекса суратчи Позил-ака Сарибоев эса бедарак кетган.

Бу мўмин-қобил инсонни кимга зиёни теккан бўлиши мумкин?

Маҳаллий давлат тизимлари шаҳар ҳаётини изга солиш ҳаракатидалигини айтишади.

Автобуслар қатнай бошлаган, электр таъминотида узилишлар йўқ, дейди улар.

Муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Алмазбек Атамбаев кеча Бишкекда чиқиш қилиб, қишга қадар ўшликларни бошпана билан таъминлаш даркорлигини айтди.

Эртаги кунга ишонч керак.

Лекин бу ишончни ким беради?

Одамларни айнан шу савол қизиқтиради.