Шимолий Тожикистонда яна тўрт Ҳизбу Таҳрир аъзоси жазога тортилди

адолат тарозуси
Image caption Тожикистонда 450 дан зиёд одам Ҳизбу Таҳрирга аъзоликда айбланиб, жазога тортилган

Шимолий Тожикистонда Ҳизбу Таҳрирга мансубликда айбланган тўрт киши устидан ҳукм ўқилган. Улар, Хўжанд шаҳар маҳкамасига кўра, 2 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум этилганлар.

Маҳкамага тортилганларнинг айримлари ўзларига қўйилган айбларни рад этишган.

Ҳозирда Хўжандда Ҳизбу Таҳрир ғояларини тарқатишда айбланаётган яна 10 киши устидан маҳкама бошланиши кутилмоқда.

Озодликдан маҳрум этилганларнинг уч нафари бундан олдин ҳам Ҳизбу Таҳрир фаоллари сифатида кўрилиб, 6.5 йилдан 11 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилгандилар.

Бу гал бу уч айбланувчидан икки нафари – Ғуломжон Зокиров ва Исмоилбек Мамедов 17 йилдан, Шуҳрат Шарипов эса 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Маҳкамага тортилган тўртинчи шахс – 27 ёшли Алишер Мажидовга икки йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Маҳкамага тортилганлар Тожикистон Жиноий қодексининг мавжуд қонуний тузумни ағдаришга даъват этиш, экстремизм каби моддаларида айбдор деб топилдилар.

Шуҳрат Шариповга эса булардан ташқари жиноий гуруҳ тузиш ва унга аъзо бўлиш моддаси ҳам қўйилди.

Маҳкумлар қариндошлари ўз яқинларининг ноҳақ жазога тортилганликларини айтишди.

33 ёшли Шуҳрат Шарипов ўзига қўйилган айбларни асосан рад этган.

Бундан 10 йил олдин Ҳизбу Таҳрир фаоли сифатида қўлга олиниб, 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган 50 ёшли Исмоилбек Мамедов мавжуд тузумни зўрлик йўли билан ағдариш йўлида ўз яқинларини ҳам даъват этган дея айтилган.

Унинг ўғли Ҳизбу Таҳрирга мансубликда айбланиб, 8 йил муддатга қамалган эди.

Исмоилбек Мамедовнинг аёли ҳам фирқа ғоялари даъватчиларидан дея кўрилган.

У ёлғиз ўғли озодликдан маҳрум этилгач, дунёдан ўтган.

Тожикистон Олий Суди бундан 9 йил олдин Ҳизбу Таҳрирни "экстремистик фирқа" ҳисоблаб, ноқонуний деб эълон этган ва мамлакат ҳудудида фаолият юритишини таъқиқлаган эди.

Ҳуқуқ-тартибот мулозимлари тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида кўпчилик Ҳизбу Таҳрирнинг Ислом номидан Исломга қарши иш олиб боришини, миллатлар ва ирқлараро низо уйғотишини англаб етганини айтишади.

Лекин кузатувчиларга кўра, Ҳизбу Таҳрир яширин равишда, олдингига қараганда анча эҳтиёткорлик билан фаолият юритишда давом этмоқда.

Ҳозирда Хўжанд шаҳрида Ҳизбу Таҳрирга мансубликда кўрилаётган яна 10 киши устидан маҳкама бошланиши кутилмоқда.

Шу пайтгача Тожикистонда 450 нафардан ортиқ одам фирқа мансублари сифатида жиноий ва маъмурий жазоларга тортилганлар.