Қирғизистон ҳодисаларининг минтақа ва қолаверса, Ўзбекистонга таъсири қандай бўлади?

Қирғизистон жанубида зўравонликлар бошланганидан деярли икки хафта ўтиб, мамлакат беқарорлигича қолмоқда. Муваққат хукумат раҳбарлари 27 июн куни референдумни ўтказиш қарорида қатъий турибдилар. Танқидчиларга кўра, хатто референдум ўтиб, ҳукуматнинг қонунийлигини мустаҳкамлаган тақдирда ҳам, можаро ўз ечимини топмайди. Улар ўз овозларини беришдек демократик ҳуқуқидан айрилган ва уйларидан қочган минглаб ўзбекларнинг тақдири ҳақида сўрашади. Би-би-сининг Марказий Осиё ва Қофқоз Хизмати муҳаррири Фирдавс Робинсон Қирғизистон жанубидаги можаронинг минтақага, айниқса, Ўзбекистонга таъсирига назар ташлайди.

Охирги икки ҳафта мобайнида Қирғизистонда кўплаб зўравонликлар содир этилди. Ўн минглаб инсонлар бошпанасиз қолишди, юзлаб одамлар ўлдирилди, сон-саноқсиз ҳаётлар барбод этилди. Бу жароҳатлар битиши ва нисбатан нормал ҳаётга қайтиш учун учун кўп вақт керак бўлади. Бу каби можаролар юз берган жаҳоннинг бошқа нуқталаридаги тажриба шунки кўрсатадики, жамоалар олдинга қараб интилишлари учун аввало бўлиб ўтган ҳодисаларнинг моҳиятини англаб етишлари керак. Қирғизистонда очиқ қолаётгани ҳужумлар ортида ким ёки нима тургани ва нима учун зўравонликлар шу даражага қадар кучайиб кетгани борасидаги саволдир. Биз бу саволни Марказий Осиё бўйича жаҳоннинг энг таниқли мутахассиларига беришга ҳаракат қилдик. Карнеги Институти профессори Марта Брил Олкотнинг фикрича, можаронинг илдизлари этник қарама-қаршиликларда эмас, балки давлатчиликнинг қулашидадир. Лекин, ҳодисалар борасида мустақил ва халқаро текширув ўтказиш зўравонликларни келтириб чиқарган омилларни аниқлашга ёрдам берармикан?

"Фикримча, маҳаллий миқёсда текширув ўтказилиши билан бир қаторда халқаро текширув ўтказилиши яхши иш бўларди. Можаронинг илдизларини аниқлаш жуда муҳим. Бизга шуниси маълумки Қирғизистон жанубида ўта кўп жиноий гуруҳлар мавжуд. Бу каби текширув этник ҳамоҳангликни, шунингдек, қонун устуворлиги таъминланган давлатнинг тўлиқ фаолият юрита олишига имконлар яратиларди. Лекин, биз бир жўн хулосага шошилишимиз керак эмас, яъни ўзбек ва қирғиз жамоларини ўзига ташлаб қўйилса кези келганда даров бир-бирларига қарши ҳужумга шайланадилар, деган хулосадан. Биз можарони келтириб чиқарган омиллар анчайин мураккаб бўлганлиги, вазиятни издан чиқариб юборган бир қатор томонларнинг бир вақтда ҳаракат қилишлари ҳақида далилларни топа олсак керак", дейди Марта Брил Олкот.

Қирғизистон жанубида бундан 20 йил аввал ҳам шунга ўхшаш можаро рўй берганлиги шу кунларда кўп тилга олинди. Албатта, аҳоли у зўравонликларни жуда яхши эслайди. Бу фақатгина алоҳида инсонлар хотирасида қолган зўравонлик эмас, жамият хотирасида қолган зўравонликдир. Айниқса, ўзбек жамоаси хотирасида. Бу галги зўравонликлар ҳам ўнлаб йиллар хотирада қолади. Адоватнинг илдизларини тушуниб етмаслик, йўқотиш мотаму аза ва мавҳумлик ҳиссининг сақланиб қолинишига олиб келади. Британия парламентида Марказий Осиё гуруҳи раҳбари Лорд Уэверлий эса, Қирғизистондаги вазиятни илгари силжитиш йўллари ҳақида гапиради:

"Қирғизистондаги инсоний инқирознинг миқёслари фожеавий ва шошилинч эътибор қаратилиши лозим бўлган даражададир. Муаммо фақатгина миллий бирликка етказилган зарар эмас, балки икки жамоа ўртасидаги ишончга етказилган зиён ҳақидадаир. Қўрқувда яшаётган одамларга жаҳон уларни унутмагани ҳақида билдириб қўйиш муҳимдир. Ҳозирда кичик сонда бўлса-да, халқаро гуруҳни жойлаштириш лозим. Бу гуруҳ таркибига этник можарони келтириб чиқарган омилларни ўрганиш учун мутахассилар ҳам кириши мумкин. Миллий ярашувни таъминлаш асосий вазифадир. Бу жараён зудлик билан бошланиши ҳамманинг манфаатидадир", дейди британиялик мутахассис. Зўравонликлар минтақада кўп сонли қочқинларинг пайдо бўлишига олиб келди. Минтақада энг ёпиқ давлатлардан бири ҳисобланган Ўзбекистон ўн минглаб қочқинлар учун ўз чегараларини очди. Овросиё Демократик Институти халқаро ноҳукумат ташкилотидан Питер Залмаев Қирғизистондаги беқарорлик бутун минтақага хавф солиши мумкинлигини айтади:

"Президент Каримов таваккалига иш юритишни ёқтирмайди. У ўн минглаб қочқинларга чегарани очиб, уларга ёрдам бераётган халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашганига қарамай, вазиятни қаттиқ назорат остида ушлаб турибди. Ўзбекистон матбуоти Қирғизистондаги ҳодисаларни деярли ёритмади. Матбуот миллий жамоалараро можаронинг қирраларини ёритмади. Лекин, шунга қарамай, ғазабнок ҳислар авжида. Ўзбеистонда яшаётган қирғизларга қарши қасос амалларига даъватлар янгарган. Президент Каримов бу каби ғазаб ҳисларидан албатта хавотирда ва ушбу қаҳру ғазаб бориб-бориб ўзининг қудратига қарши қаратилишидан чўчийди. Шунинг учун, ҳозирга ҳолат Ўзбекситондаги вазиятни ҳам издан чиқариш потенциалига эга.

Аммо, можаронинг Ўзбекистонга салбий оқибатлари ҳақидаги фикрга профессор Брил Олкот у қадар ҳам қўшилмайди:

"Ўзбекистон асосан аёллар, болалар, кексалар ва жароҳатланганларни қабул қилиб олди. Қочиб ўтишга муваффақ бўлган. Эркаклар сони у қадар кўп эмас. Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистон диний масалаларда анчайин либерал қонунчилкка эга эканлигини билади ва Фарғона водийсидаги аҳолининг диний ҳисларида ҳар қандай жўнбуш юзага келишини хоҳламайди. Айниқса, Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган диний гуруҳлар томонидан кириб келадиган ғоялардан ҳайиқади. Шунинг учун, оилаларни яна бирлаштириш масаласида баъзи танлик келиб чиқишини кутишимиз мумкиндир. Ўзбеклар кўплаб оилалар Қирғизистонга қайтишларига умид қилмоқдалар. Шуниси аниқки, уларнинг ҳаммаси ҳам Қирғизистонга қайтишни хоҳламасликлари ва Ўзбекистонда яна минглаб янги фуқаролар пайдо бўлиши мумкин. Бу эса ўз навбатида аҳоли табиатини секин-аста ўзгартириши мумкин. Қирғизистондаги ўзбеклар анчайин эркин иқтисодий сиёсатга ўрганганлар. Ва диний амалларида камроқ чекловларга эгалар. Бу эса, Ўзбекистон томонида яқин келажакда бўлмаса ҳам, муайян масалаларни кун тартибига олиб чиқиши мумкин. Албатта аввалига одамлар бошпана ва иш топиш илинжида бўладилар, лекин бир неча йил ўтиб, иккала мамлакат жамияти ўртасида ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин. Келажак Қирғизистон ҳукумати томонидан ўзбекларга қарши деб кўрилган ҳар қандай амалларнинг йўлга қўйилиши чегаранинг бошқа томонида норозиликларни уйғотади. Бундан ташқари, Ўш шаҳрининг мавқеига оид ўта мунозарали масала ўртага чиқмоқда", дейди Брил Олкот хоним.