Қочқинлар қайтмоқда, аммо қўрқув остида

Қирғизистон чегара хизмати ўтган ҳафтадаги зўравонликлар ортидан Ўзбекистонга қочиб ўтган қочқинларнинг деярли ҳаммаси ўз уйларига қайтишганини айтган.

Журналистларга гапирган Чўлпонбек Турусбековга кўра, ҳозир "70 мингга яқин қочқин Қирғизистонга қайтди". "Кечанинг ўзида 26 минг қочқин қайтиб ўтганди."

Қирғиз чегара хизмати жанубий Ўш ва Жалолобод вилоятларида кечган зўравонликлар пайти Ўзбекистон тарафга ўзбек миллатига мансуб 75 минг киши қочиб ўтганини айтади. Уларнинг уйларига ўт қўйилган ва мол-мулклари талон-тарож қилинган.

Халқаро ташкилотга кўра эса, бу рақам 100 минг атрофидадир.

Би-би-си билан суҳбатлашган Ўш чеккасидаги Қурмонжон Дотхоҳ ҳудудида яшовчи Иброҳимнинг айтишича, унинг аёли ва фарзандлари Ўзбекистоннинг Хўжобод туманидани қочқинлар жамлоғидан қайтиб келган. Оила ҳозирда Ўшнинг бошқа ҳудудидаги қирғиз қариндошлари уйида яшамоқда.

Бироқ, унга кўра, Ўш марказида яшовчи ўзбеклар ҳали уйларига қайтишмаган. Улар яна тўқнашувлар бўлади деган қўрқувлар туфайли жамлоқда қолишни афзал кўришмоқда.

Иброҳимга кўра, қайтиб келган аҳоли "хавотир билан яшаяпти".

Қайтаётган қочқинлар

Ўшнинг Новқат туманига қайтган Санобар ортга оиласи билан қайтишига қўлларида ёш чақалоқлар бўлгани, қочқинликда иссиқ ҳаводан қийналишгани сабаб бўлганини айтади.

Унинг айтишича, Новқатга қайтганлар бор, аммо аксар новқатликлар ҳали ҳам қочқинлар жамлоқларида қолишмоқда.

Санобар Новқатда қўрқув кучли эканини айтади.

Ўшда ўзбеклар ўзларини хавфсиз ҳис қилмаяптилар Ўшда ўзбеклар ўзларини хавфсиз ҳис қилмаяптилар Ўшда ўзбеклар ўзларини хавфсиз ҳис қилмаяптилар

"Бизнинг маҳаллага фақат 5-10 фоиз одам қайтди, холос. Қўрқинчдамиз, кеча келгандик, кечаси билан ухламай тонг орттирдик. Бизнинг уйимиз йўлнинг бўйида. Икки-учтадан оилалар битта уйда қолишаяпти. Эркаклар ухламай ташқарида юришибди, аёллар болалар билан ичкарида, подвалларга ҳам жой қилдириб қўйганмиз," - дейди у.

Матбуот

Image caption Баъзи қайтаётган қочқинларни куйган уйлари кутмоқда, холос

Иброҳим матбуотнинг воқеаларни "бир томонлама" ёритиши вазиятни енгиллаштиришга ёрдам бермаётганини айтади.

"Зўравонликнинг келиб чиқиши бўйича маълумот кўпайиб кетаяпти. Бу ерда бир томонлама ёритиш бўлаяпти. Телевизион ва радио хабарларда ҳаммаёқ тинч, ҳаммаёқ зўр эканини айтишаяпти. Лекин, ичкарида юрган гаплар "яна эртага бўларкан, 24, 27-да бўларкан" деган хавотирли гаплар ҳали тинчиган йўқ," - дейди у.

Ўзбек маҳалларини ўз атрофида баррикадалар ўрнатиб, ҳатто миналар ўрнатиб олгани борасидаги қирғиз матбуоти хабарларини у рад қилади.

"Мина? Мина у ёқда турсин, сочма ўқ, ё милтиқ бўлмаган ўзбекларда. Қирғиз матбуотида қирғиз аёллар чиқиб болалари ўлганини айтишаяпти. Лекин, ҳеч ким сўрамаяпти, ўзбеклар қайси қирғиз маҳаллага ҳужум қилди? Биронта қирғиз маҳаллага биров ҳужум қилиб бордими?"

Ўш атрофида, унга кўра, одамлар "ана келаяпти, мана келаяпти" каби қўрқув билан ҳали ҳам ўз маҳалларини мудофаа қилиш учун йиғилишмоқда.

"Мен ҳозиргина Ўш шаҳрига майда-чуйда олиш учун чиқиб, уйга қайтиб келдим. Шаҳарда деярли ўзбек йўқ. Ҳаммаси қирғизлар. Лекин қирғиз билан учрашиб қолсангиз, тавофут йўқ, фақат ўзаро қўрқув бор," - дейди у.

Иброҳим, низо асосида ўзбек ва қирғизлар орасидаги душманона ҳиссиёт ётганига ишонмайди.

"Ўзбек-қирғиз эмас аслида, таги бошқа нарсаларга таяниб қолди. У ишни қилиб бўлганлар бари кетди. Лекин энди вазият қирғиз ва ўзбек ўртасидаги муносабат бўлиб қолди. Бу даража ваҳшийликка етмаслиги керак ди. Ҳозир ўзбек қирғиздан, қирғиз ўзбекдан қўрқаяпти" - дейди у.

Иброҳим қирғиз армияси ўзбек маҳалларини ҳимоя қилмаётганини айтади. "Армияга ишонч йўқ".

"Бошида БТРлар келиб ўзбеклар маҳаллаларидаги тўсиқлар очиб берди, ортидан қуролли одамлар киритилди, улар маҳаллий қирғиз болалар эмасди, маҳаллий қирғизлар билан тавофутимиз йўқ эди. Бугунда қирғиз армиясига ўзбек аҳолиси орасида мутлақо ишонч йўқ," - дейди у.

Инсонпарварлик гуруҳлари ва халқаро ташкилотлар қирғизистондаги зўравонлик мамлакат иқтисодига қаттиқ зарба беришини ва низо оқибатлари узоқ муддат аҳолининг фаровонлигига салбий таъсир кўрсатишини айтиб огоҳлантиришган.

Қирғизистонлик деҳқонлар шу кунларда уларнинг зироат маҳсулотлари сотилмай қолаётганидан хавотирдалар.

Ўш ва Ўш атрофидаги ўзбек маҳаллалари хорижий инсонпарварлик ёрдам уларга етиб келмаётганини айтишади.

"Бошида машиналарда бордик инсонпарварлик ёрдамини олишга, улар автоматлар билан бизга дўқ қилиб, "ҳозир отиб ташласак, киминг ейди буни?" дея гаплар қилишди ҳарбийлар. Лекин, бошқа жойларда, орасида тушуниб етганлари ҳам бўлдими, биламадим, озгина-озгинадан бера бошлашди," - дейди Иброҳим.