'Ўзбекистон қочқинларни мажбуран Қирғизистонга қайтаришни бас қилиши шарт'

Қочқинлар

Amnesty International халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотининг айтишича, Қирғизистон жанубидаги вазиятнинг беқарорлигига оид хавотирлар сақланиб қолар экан, Ўзбекистон қочқинларни мажбуран ортга қайтаришни бас қилиши шартдир.

Халқаро ташкилотнинг нуфузли вакили, "Ўзбекистонни вазият то ўз изига тушиб кетмагунча, қочқинларни Қирғизистонга қайтишга ундамаслик"ка даъват этган.

Қирғизистон жанубидаги бир неча кунлик миллий низолардан қочиб, юз мингга яқин қирғизистонлик ўзбек қочқинлари Ўзбекистонга қочиб ўтишганди.

Қонли зўравонликлар сабаб Қирғизистон ичкариси ва ташқарисида жами тўрт юз мингтача киши қочқинликка юз тутганликлари айтилади.

Ҳукуматнинг иддаоларига қарамасдан, Қирғизистон жанубида хавфсизлик билан боғлиқ вазият қалтислигича қолмоқда. Ўзбек аҳолиси ўзларини ҳимоя этишга қодир бўлмаган ва қотиллигу ташмачиликларда айбланган Қирғизистон хавфсизлик кучларига ортиқ ишонмайди, дейди халқаро ташкилот.

"Амнести Интернейшнл"нинг БМТ махсус идораси томонидан сунъий йўлдош воситасида олинган тасвирларга таяниб айтишича, Ўшдаги икки мингга яқин бино буткул вайрон бўлган, бошқаларига эса, жиддий зиён етган.

Халқаро ташкилотга кўра, қочқинлар Ўзбекистон хавфсизлик кучлари ва жамлоқ масъуллари Пахтаобод туманида ўзларини мажбуран автобусларга ўтқазиб, Қирғизистонга жўнатиб юборишганини айтиб беришган.

"Аксариятимиз ортга қайтишни истамаймиз. Чунки жонимиздан қўрқамиз. Бироқ бошқа танловимиз ҳам йўқ," деган ўзбек қочқинларидан бири "Амнести Интернейшнл"га.

Халқаро ташкилотга кўра, "Одамлар ўз жонларини асраш учун ўз уйларини ташлаб қочишган. Отишмалар, ўт қўйишлар ва вайронагарчиликлар сабаб қочқинликка юз тутишган. Қирғизистон расмийларининг уларнинг хавфсизликларини таъминламай туриб, ортга қайтишга ундашлари хом қилинган иш".

"Қирғиз муваққат ҳукумати якшанба кунги референдумни ўтказиб олиш учун қочқинларни ортга қайтишга ундаётган кўринади. Қирғиз масъуллари бунинг учун минглаб инсонларнинг ҳаётларини хавф остига қўймасликлари лозим," дейди ташкилот вакиласи Андреа Ҳабер.

Халқаро ташкилот, "Албатта қочқинлардан баъзилари балким ўз хоҳишлари билан қайтаётган бўлишлари мумкин. Лекин улар ҳам Қирғизистонга қайтишни истаганлари ва ўзларини хавфсиз ҳис қила бошлаганлари учун эмас, инсонпарварлик ёрдами етарлича бўлмагани, махсус лагерлардан ташқарида қолиб кетганликлари, жамлоқларга жойлаштирилганлари ҳам шароитлар яхши бўлмагани учун ортга қайтаётган бўлишлари мумкин. Биз қочқинларни ортга қайтариш учун ҳам Ўзбекистон ва ҳам Қирғизистон расмийлари томонидан кенг ташвиоқт олиб борилаётганини эшитаяпмиз," дейди.

Аммо кеча Қирғизистон жанубига қайтган қочқинлардан бири Би-би-си билан суҳбатда, "27 июнгача Қирғизистонга қайтинглар. Агар ўшангача ортга қайтмасаларинг, кейин сизларни Қирғизистонга қўймас экан," деб ўзимизникилар гап юргизишди. Кейин мен йўлга керак бўлади, деб боламга памперс олиш учун ўзбекистонлик шифокорларнинг олдиларига бордим. Улар менга, "Қайтиб нима қиласиз, бувингизнинг ҳам уйи куйган бўлса, отангизнинг ҳам уйи куйган бўлса,..шу ерда қолаверинг"деб айтишди. Мен, "Майли, қайтаверай, бориб, кўриб келаман ўзимнинг кўзим билан," деб қайтдим," деб айтади.

"Амнести Интернейшнл"нинг ишонишича, Қирғизистон жанубидаги вазият қалтислигича қолмоқда ва ўзбек аҳолиси қирғиз ҳукумати ўзларини янги зўравонликлардан ҳимоя эта олишига ишонмай қўйишган.

Халқаро ташкилот яна бир бор ўтган ҳафта Қирғизистон жанубида юз берган зўравонликлар юзасидан халқаро тергов ўтказишга даъват этган.

Уларнинг айтишларича, фақат халқаро терговгина низолардан жабр чеккан барча гуруҳлар томонидан холис ва ишончли деб кўрилиши мумкин.

Қирғиз муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтинбоева низоларда икки мингтача киши қурбон бўлганини айтади. Аммо расмий рақамлар камида 200 талигича қолмоқда.

БМТнинг расмий Тошкент тақдим этган рақамларга таяниб, Би-би-сига билдиришича, аксарият ўзбеклардан иборат 70.000 га яқин қочқин Қирғизистонга қайтишган.