Қирғиз расмийлари: барча қочқинлар қайтди ва референдумга ҳамма нарса тайёр

Қирғизистон расмийлари икки ҳафта аввал бошланган этник зўравонликлар ортидан қочган одамларнинг деярли барчаси ортга қайтганларини айтишган.

Халқаро ташкилотлар 400 минг атрофида инсон ўзларининг яшаб турган жойларини тарк этишга мажбур бўлганини маълум қилган.

Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги зўравонликлар туфайли 100 минг атрофида ўзбеклар Ўзбекистондан паноҳ топишган эди.

Қирғиз расмийлари охирги кунда сўнгги 25 минг қочқин уйларига қайтганини айтишди.

Расмийларга кўра, 27 июнга мўлжалланган умумхалқ референдумига ҳамма нарса тайёр.

Қонунчиликка биноан талаб этиладиган тарғибот-ташвиқот ишлари овоз беришга бир кун қолганда тўхтатилган.

Айни пайтда Қирғизистондаги мухолиф партиялар ҳозир референдум ўтказиш мавриди эмаслигини айтишган.

Аммо расмийларга кўра, бу овоз бериш ҳозирча муваққат бўлиб турган ҳукуматни қонунийлаштиради, Қирғизистондаги демократия йўлида муҳим қадам бўлади.

Ҳали қочқинлар хавфсизлиги таъминланмасдан туриб, ортга мажбуран қайтарилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, бундан халқаро ташкилотлар хавотир билдиришган эди.

Қирғизистонлик ўзбекларнинг ҳам референдумга муносабатлари турлича эканини кўриш мумкин.

Кимдир ўзининг фуқароларини ҳимоя қилолмайдиган ҳукуматни дастаклаб овоз беришнинг нима кераги бор, деса, кимдир, мана шу зўравонликларни келтириб чиқарганларнинг асл муддаоси ҳам шу эди, шунинг учун ўзбеклар фаол овоз беришлари керак, дейди.

Муваққат ҳукумат раҳбари ўринбосари Алмазбек Атамбоев, агар керак бўлса, биз маҳаллаларга кўчма овоз бериш қутиларини олиб боришни ташкил этишимиз мумкин, деб айтган.

Муваққат ҳукумат зўравонликлар сабабли Ўш шаҳрида жорий этилган комендантлик соатини бекор қилган.