Россия Қирғизистон жанубида ҳозирча ҳарбий база очмайди

Image caption Президент Медеведев Қирғизистон ҳақидаги чиқишлари билан қирғиз раҳбарларининг жиғига теккан.

Россия матбуотининг Кремлдаги манбаъларга иқтибосан ёзишича, Москва Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар сабаб, ҳарбий база очиш режасини ортга сурган.

Коммерсант рўзномасига кўра, Қирғизистондаги танг вазият Россия янги харбий базасини очишга изн бермаган.

Рўзноманинг тахмин қилишича, Қирғизистон жанубида очилиши режаланган ҳарбий ўқув маркази юзасидан музокаралар парламент сайловларидан кейин бошланиши мумкин.

Россия ҳукуматидаги манбаъ янги ҳарбий база очиш режасининг кечиктирилишини молиявий қийинчиликлар билан изоҳлаган.

Аммо Москвадаги МДҲ институти эксперти Андрей Грозиннинг айтишича, Россия ҳукуматининг қарорига Қирғизистон жанубидаги вазият ва Ўзбекистоннинг мавқеъи туртки бўлган.

Ўтган йили Москванинг МДҲ Тезкор Коллектив Кучлари доирасида Қирғизистон жанубида ҳарбий база очиш режаси Ўзбекистоннинг қаттиқ қаршилигига учраган эди.

Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Ташкилотининг аъзоси бўлгани ҳолда Тезкор Кучларга қўшилмаган.

Расмий Тошкент янги ҳарбий база минтақадаги вазиятни беқарорлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Андрей Грозиннинг фикрича, Москва Тошкент билан муносfбатларни янада совуқлаштирмаслик учун шундай тўхтамга келган.

"Ҳозирги мураккаб вазиятда янги базанинг очилиши Москванинг Қирғизистоннинг ички можароларига аралашиш хавфини кучайтириши мумкин", дейди россиялик таҳлилчи.

Аввалроқ Россиянинг гиеҳванд моддаларга қарши кураш бўйича юқори мартабали мулозими бу каби база Афғонистондан келаётган гиёҳванд моддалар оқимини назорат қилишда муҳим рол ўйнашини айтган эди.

Эҳтиёткорлик

Москва Қирғизистоннинг 7 апрелдаги давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга келган муваққат ҳукуматини биринчи бўлиб эътироф этган ва ёрдам ваъда қилган эди.

Аммо Қирғизистон жанубида икки ҳафта давом этган ва 2000га яқин одамнинг умрига зомин бўлган этник зўравонликлар чоғида Кремл эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди ва у ерга қўшин юборишдан бош тортди.

Москва якшанба кунги референдум натижаларини ҳам совуқ қарши олди.

Канададаги G-20 саммитида гапирган Президент Медведев Қирғизистонда "парламент республикаси қандай ишлашини тасаввур қила олмаслиги"ни айтган.

Россия президентининг айтишича, Қирғизистон амалда иккига бўлинган ва давлатнинг парчаланиш эҳтимоли катта.

Жаноб Медведевнинг сўзларига кўра, парламент республикаси тизимининг жорий қилиниши Қирғизистонда ҳокимиятнинг доимий ва назоратсиз равишда бир гуруҳнинг қўлидан иккинчи гуруҳнинг қўлига ўтиб туришига олиб келади.

У пировардида ҳокимиятга экстремистик бир гуруҳ келишидан ҳавотирда эканини айтган.

Президент Медведевнинг изоҳи қирғиз расмийларининг жиғига теккан.

Муваққат ҳукумат мулозимларидан Ўмурбек Текебаев Россия раҳбариятини "жосусларга кўр-кўрона ишониш"да айблаган.

"Афтидан, уларга нотўғри ахборот берилган, улар маҳаллий олигархларнинг малайи бўлган махсус хизматлар жосусларига кўр-кўрона ишонишади", деб айтган қирғиз мулозими.

Айни пайтда муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтинбоева Коллектив Хавфсизлик Ташкилотининг Қирғизистон жанубидаги воқеаларга муносабатидан норозилик билдирган.

Испанияда чиқадиган El Pais рўзномасига берган интервъюсида Ўтинбоева хоним Ўш ва Жалолободдаги воқеалар бошланган пайт Россия раҳбариятига ялиниб ёлборгани, аммо 12 июнга қадар Президент Медведев билан боғлана олмаганини айтган.

Ўтинбоеванинг сўзларига кўра, у ниҳоят Президент Медведев билан боғланган пайт, Кремл унинг қўшин юбориш ҳақидаги сўровини КХШТ эътиборига ҳавола қилган, аммо ташкилот 14 июнга қадар ҳеч қандай қарор қабул қилмаган.

Қирғиз раҳбари Россия Президентининг Қирғизистон амалда иккига бўлингани ҳақидаги сўзларидан жаҳли чиққанини яширмаган.

"У бу гапни қаердан олибди?" деб айтган у El Pais рўзномасига.

Айни пайтда Қирғизистондаги референдумни кузатган Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Владимир Чуров камчиликлар қаторида овоз бериш марказларида янги Конституциянинг ўзбек тилидаги матни бўлмаганини айтиб ўтган.

АҚШ режаси

Айни пайтда Америка Қўшма Штатлари Тожикистондаги ҳарбий тайёрлов маркази учун 10 миллион доллар ажратишини маълум қилган.

АҚШнинг Душанбедаги элчиси Кен Гросснинг журналистларга айтишича, ҳарбий марказ қурилиши ҳақидаги келишув кузгача имзоланади ва унинг 2011 йилда битказилиши кутилади.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон миллий гвардиясига мўлжалланаётган марказдан бутун тожик қуролли кучлари истифода эта олади.

АҚШ элчиси пойтахт Душанбедан 45 километр чамаси узоқликдаги Қоратоғ минтақасида қуриладиган ҳарбий марказда АҚШ кучлари жойлаштирилмаслиги, аммо тожик томони сўрагани тақдирда америка ҳарбийлари у ерга тайёргарликдан ўтказиш мақсадларида боришлари мумкинлигини айтган.

Тожикистон АҚШ ва Натонинг Афғонистонга ўтадиган юклари учун транзит йўлининг бир қисми ҳисобланади.