Қирғиз референдуми 'конституциявий ўзгаришларни маъқуллади'

Қирғиз расмийларига кўра, сайловчилар парламентга кўпроқ қудрат берувчи янги конституцияни маъқуллаган.

Марказий сайлов комиссиясига кўра, сайловчиларнинг 90 фоизи президентнинг қудратини чекловчи конституциявий ўзгаришлар режасини қўллаб-қувватлаб, овоз берган.

Айни пайтда Россия Президенти Дмитрий Медведев ўзгаришлар экстремизмнинг кучайишига олиб келишидан хавотир билдирган.

Муваққат ҳукумат шу йил апрелида собиқ Президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг референдум чақирган эди.

Овоз бериш жараёнлари мамлакат жанубида юзлаб одамларнинг ўлимига зомин бўлган этник тўқнашувлар ортидан ўтказилган.

Мухолифат партиялари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари референдумни бемаврид, деб айтишган.

'Қаттиққўллик керак'

Марказий сайлов комиссиясига кўра, референдумда 2.7 миллион сайловчилардан 70 фоизи иштирок этган.

Овоз бериш шаҳобчалари ёпилишидан сал ўтиб гапирган Қирғизистоннинг муваққат раҳбари Роза Ўтинбоева уни "тарихий" деб атаган.

"Қирғизистон ҳаққоний халқ ҳукумати йўлини танлади", деб айтган қирғиз раҳбари.

БМТ, АҚШ ва Россия референдумни демократияни қайта тиклаш сари қўйилган қадам, дея қўллаб-қувватлаган.

АҚШ Давлат департаменти овоз бериш жараёнларининг осойишта ўтганини олқишлаган ва референдумни "барқарор, демократик бошқарув сари қўйилган самарали қадам" деб атаган.

Аммо Канададаги йирик йигирмалик саммитида гапирган Россия Президенти Дмитрий Медведев "парламент конституциясини қабул қилиш Қирғизистонда экстремизмнинг кучайишига олиб келишидан хавотир билдирган.

"Мен Қирғизистонда парламент республикаси ғоясининг жиддий муаммоларсиз, эктремистик кучларнинг ҳокимиятга келишини рағбатлантирмаган ҳолда қандай қилиб амалга оширилишини тасаввур қилолмайман", деб айтган жаноб Медведев.

"Қирғизистон жуда кўп муаммоларга юз тутган, айниқса, парчаланиб кетиш хавфи. Бунинг олдини олиш учун кучли ҳокимиятга эҳтиёж бор", деган Президент Медведев.

Би-би-сининг Бишкекдаги мухбири Том Эсслмонтнинг айтишича, референдум ўтказиш учун шароитлар ҳаминқадар бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат жанубидаги зўравонликлар чоғида ҳалок бўлганлар сони 294 кишига етганини айтган.

Аввлароқ Роза Ўтинбоева ўлганлар сони 2000 га яқин эканини айтган эди.

Минглаб уйлар ва бизнеслар вайрон қилинган,аксарияти ўзбеклардан иборат 400 минг одам уйларини ташлаб чиққан.

Ҳозирда зўравонликлар тўхтаган, аммо ўзбек ва қирғиз жамоалари орасидаги бўлинишлар кучайган.

Қирғизистон жанубидаги кузатувчилар барча этник гуруҳлардан сайловчиларнинг референдумда иштирок этганини айтишган.

Қўрқув муҳити

Якшанба куни Би-би-сига гапирган ўшликлар референдум муносабати билан кўрилган хавфсизлик чораларига қарамай, ҳануз уйларидан чиққани қўрқаётганликларини айтишган.

Референдумда овоз берган Черемушки маҳалласи фаолларидан бири янги конституция барқарорлик олиб келади, деб умид қилаётгани, аммо келажак мавҳумлигини айтган.

Унинг сўзларига кўра, маҳаллада 286 уй буткул ёниб кетган ва хали уларни қайта қуриш ва товон пули ҳақида гап-сўз йўқ.

Референдумга бормаганини айтган бошқа бир ўзбек эса "нимага бораман, ҳаммаёқ ёниб кетган, вайрон бўлган бўлса, нима учун боришим керак?" дея савол беради.

Ўш четидаги собиқ "Южный"-"Турон" кичик шаҳарчасидан шаҳар марказидаги уйлари ёниб кетан ўзбек оилаларига ёрдам олиб борганини айтган ўшликлардан бири битта хонадонда 100 дан ортиқ одам, асосан аёллар ва болаларнинг жон сақлаётганини айтади.

Ўшдаги овоз бериш жараёнларини кузатган қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Толекан Исмоилованинг айтишича, хавфсизлимк ҳануз жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

"Ҳаттоки, юзида табассум билан кўчада юрган одамлар ҳам хавфсизлик йўқлигини айтишади. Мисол учун кеча қулоқлари кесилган, бўйинларидан сўйилган икки йигитни тупроққа қўйишган. Бу йигитларни ўғирлаб кетганлар ва беш минг доллар пул талаб қилишган", дейди қирғиз ҳуқуқ фаоли.

Унинг сўзларига кўра, "одам ўғирлаш ва партизанлар уруши ҳалиям давом этаётир".

Қирғизистон ҳукумати мамлакат жанубидаги фавқулодда вазият муддатини 10 августга қадар узайтирган.