Остонада миллат раҳнамоси шарафига университет бунёд этилди

Назарбоев университети

Остонада Қозоғистоннинг тўнғич президенти шарафига бунёд этилган “Назарбоев Университети”ни Миллат раҳнамоси бўлмиш Нурсултон Назарбоевнинг ўзи тантанали равишда очиб берди.

Дунёнинг энг қимматбаҳо олийгоҳларидан бўлиши таъкидланган ушбу университетда бир йўла 20 минг талаба билим олиши кўзланмоқда.

Асосан ахборот-коммуникацион, коинот, нано технологиялар ва компьютер муҳандислиги бўйича мутахассислар етказиб берадиган ушбу олийгоҳ, президент Назарбоевнинг айтишича, дунёнинг ҳар ерида ўтаадиган дипломлар беради.

Аммо шу пайтгача бирорта ҳам қозоқ олийгоҳи юқори рейтингларга илинмаганини эътироф этган мутахассислар ўқиш қиймати бир йилига 18 минг АҚШ долларини ташкил қиладиган “Назарбоев Университет”и истиқболига ҳам шубҳа билан қарашади.

Энг қиммат университет

Ҳудуди 100 гектар келадиган “Назарбоев Университет”ида кичик шаҳарча бунёд этиш мақсад қилинган. Унда замонавий илмни ривожлантириш учун лозим бўладиган барча шароитларнинг яратилиши ваъда қилинмоқда.

Талабалар сони эса Қозоғистон учун мисли кўрилмаган 25 минг бўлиши кутилмоқда.

Forbes журнали рейтинги бўйича 2009 йили дунёнинг энг қиммат олийгоҳ дея Австралиядаги Мельбурн университети топилганди.

Мазкур олийгоҳда ўқишни истаган талаба 20 минг АҚШ доллари тўлаши керак.

Остонада ҳали ишга тушмаган университет учун эса талабалар ота-оналари 18 минг доллар тўлаб қўйишларига тўғри келади.

Қозоғистон Таълим вазири Жансеит Туймебаевнинг айтишича, ушбу университет Кембридж ва Ҳарвард каби нуфузли олийгоҳлардан қолишмайдиган бўлади.

Фаолиятини бошлаганданоқ номдор хорижлик профессорларни ишга олиш эвазига чет эллик талабаларни жалб қилишни мақсад қилади.

25 минг талабага мўлжалланган “Назарбоев Университет”ига давлат томонидан 500 кишига грант ажратилди.

Ҳали талабалар ўқитишни бошламаган ушбу олийгоҳда таълим тўлиқ инглиз тилида олиб борилади.

“Остона янги университети” ҳиссадорлик уюшмаси президенти Аслан Саринжиповнинг айтишича, олийгоҳ дунёнинг кучли 30 лигига кирувчи нуфузли университетлар билан ҳамкорлик борасида келишувга эришган.

Ўз номидаги университетни тантанали равишда очиб берган президент Назарбоев, ушбу олийгоҳни битирган талабалар дунёнинг барча нуқталарида ўтадиган дипломга эга бўлишини айтиб ўтди.

Қозоғистондаги ҳамма ҳам Назарбоевнинг ушбу фикрларига қўшилмайди.

Бундан 18 йил муқаддам мана шундай ниятлар билан президент қарори билан халқ орасида КИМЕП номи билан машҳур Қозоғистон менеджмент, иқтисод ва таҳлил институти ташкил қилиганди.

Халқаро миқёсда тан олинадиган диплом беришни ваъда қилган ушбу институт ўз ваъдасини бажармаган бир вақтда, ҳаттоки МДҲ давлатлари орасида ҳам энг паст рейтингларни банд этиб турибди.

"Фарзандимни Қозоғистондаги бирорта олийгоҳга беришни истамайман. Амалдорлар ўз фарзандини миллий университетларга ишонмай хорижда ўқитар экан, мен қандай қилиб ишонишим керак," дейди ўғли Россия олийгоҳларига имтиҳон топшираётган Олма-оталик Андрей.

Таълим соҳасидаги мустақил рейтинг тузувчи “Рейтор” агентлиги томонидан эълон қилинган рўйхатда 430 ўринни банд этган КИМЕПда бир йил таълим олиш ўртача 7 минг АҚШ долларига тенг.

Кўпчилик пулдор ота оналар 18 минг доллар тўлаб янги университетда таълим олишнинг ўрнига бир неча маробар арзон ва кучли таълим бериш анъаналарига эга Оврўпа ва АҚШ олийгоҳларини афзал билишади, дейди кузатувчилар.