Назарбоев: "Этник зиддиятлар Марказий Осиёга ёйилиши мумкин"

Наримон қишлоғи

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг айтишича, Қирғизистондаги зўравонликлар Марказий Осиёнинг бошқа қисмларида этник зиддиятларни келтириб чиқариши ҳамда наркотиклар контрабандаси ва терроризмни кучайтириши мумкин.

"Минтақадаги бошбошдоқлик ва беқарорлик наркотиклар ва қурол-яроқлар ноқонуний савдоси ҳамда одам ташиш билан шуғулланувчи жиноятчиларга қўл келиши мумкин," деди Нурсултон Назарбоев.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан уюштирилган форумда гапирган жаноб Назарбоев қашшоқликни йўқотиш ва турли этник гуруҳлар ўртасида тоқатлиликни тарғибу ташвиқ этиш Марказий Осиёда тартибни ушлаб туришда ҳал қилувчи роль ўйнашини айтган.

Шу ҳафта бошида Қозоғистон президенти мамлакати Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти таркибида Қирғизистонга қўшин юбормаслигини айтган эди.

"Қирғизистондаги можаро минтақадаги бошқа халқлар ўртасида ишончсизлик уруғини сочиши мумкин," деб айтган Нурсултон Назарбоев форум иштирокчиларига.

"Халқаро терроризм ва экстремизмга қарши уруш жабҳаси кучсизланиб бораётир. Жабҳа чизиғи эса қўшни Афғонистондир," деб айтган у.

Якшанба куни Қирғизистон халқи парламентга кўпроқ қудрат берувчи янги конституцияни маъқуллади.

Россия Президенти Дмитрий Медведев ушбу ўзгаришлар экстремизмнинг кучайишига олиб келишидан хавотир билдирди.

Муваққат ҳукумат шу йил апрелида собиқ Президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг референдум чақирган эди.

Овоз бериш жараёнлари мамлакат жанубида юзлаб одамларнинг ўлимига зомин бўлган этник тўқнашувлар ортидан ўтказилди.