3 июлда Роза Ўтинбоева қасамёд қабул қилади

Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтинбоева
Image caption Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтинбоева референдумда Ўш шаҳрида овоз берди

Қирғизистон муваққат ҳукуматига кўра, 27 июнда аксар аҳоли конституцион ўзгаришларни маъқуллаб овоз бергани ортидан 3 июлда Роза Ўтинбоева президент сифатида қасамёд қабул қилади.

Расмийларга кўра, Қирғизистон Марказий Сайлов комиссияси референдум якуний натижаларини 2 июлда эълон қилади.

Инагурация маросимини дабдабали ўтказмасликка қарор қилинган, у Бишкекдаги катта концерт залида бўлиб ўтади.

Шу йил 7 апрелида президент Қурманбек Бакиевни қудратдан кетказганидан кейин муваққат ҳукумат ўзининг мавжудлиги учун қонуний асос йўқлигини эътироф этади ва шу мақсадда Қирғизистонда умумхалқ овоз бериш ўтказишга қарор қилинди.

Муваққат ҳукумат сиёсатчиларига кўра, Қирғизистонда президентлик бошқаруви ўзини оқламади, Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиев ҳукмронлиги йилларида собиқ президентларнинг мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш, раҳбарлар яқинлари, оиласи аъзоларининг давлат маблағларини ўзлаштириш ҳоллари кучайди.

Шунинг учун Қирғизистонда конституцияга ўзгартириш киритиш, хусусан, мамлакатда парламент бошқарувини жорий этиш, Роза Ўтинбоевани 2011 йил якунигача президент этиб сайлаш масалалалари билан референдум куни белгиланди.

10 июнда Қирғизистон жанубида бошланган хунрезликлар, 400 минг атрофида аҳолининг ўзларининг яшаш жойларидан кўчишга мажбур бўлганига қарамасдан, референдум бекор қилинмади.

Расмийлар қонли ҳодисаларда икки минг инсон ҳалок бўлган деб тахмин қиладилар.

Қирғиз расмийларига кўра, Ўзбекистон ҳудудидан паноҳ топган 100 минг атрофида қирғизистонлик ўзбеклар ҳам ортга қайтдилар.

Расмийларга кўра, референдумда иштирок этган аксар одамлар конституцион ўзгаришларни маъқуллаб овоз берганлар.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Роза Ўтинбоеванинг Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти бўлгани муносабати билан табрик йўллаган.

Ўзбекистон раҳбари Ўш ва Жалолободда рўй берган "қонли ва ғайриинсоний воқеалар" юзасидан халқаро экспертлар иштирокида холис ва адолатли тергов ўтказилади деб ишонч билдирган.

"Шу билан бирга, ушбу тергов ўзининг қабиҳ мақсадларига эришиш йўлида минглаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётини қурбон қилишдан ҳам тап тортмайдиган фитначи ва ташқи буюртмачиларнинг асл башарасини очиб беради", дейилади Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов табригида.