Россия Марказий сайлов комиссияси Қирғизистондаги референдум ҳақида ҳозирча бир хулосага келмади

Image caption Қирғизистондаги референдумни кузатган Россия Сайлов комиссияси раҳбари овоз беришга келган аксар сайловчилар нима учун овоз беришаётганларидан бехабар бўлганликларини айтди.

Россия Марказий сайлов комиссияси раҳбари Владимир Чуровнинг айтишича, якшанба куни Қирғизистонда бўлиб ўтган референдум натижаларига ҳозирча якуний баҳо берилмайди.

Референдум жараёнини кузатган Чуров жаноблари овоз беришга келган аксар сайловчилар нима учун овоз беришаётганларидан бехабар бўлганликларини айтди.

У шунингдек, Қирғизистон қабул қилган янги конституция, парламентни узоқ йиллик инқироз гирдобига тортиши мукинлигини ҳам айтди.

Аввалроқ президент Дмитрий Медведев ҳам "парламент бошқаруви тизимига ўтиш Қирғизистонда экстремизмнинг кучайишига олиб келиши"дан хавотир билдирганди.

Кузатувчилар Россиянинг Қирғизистондаги референдум натижалари ҳақида бир хулосага келмаганлигини расмийларнинг Қирғизистондаги парламент бошқарувига бўлган ишончсизлиги билан изоҳламоқдалар.

Россия Марказий сайлов комиссияси раҳбари Владимир Чуров, “Эхо Москвы” радиосига берган интервьюсида якшанба кунги овоз беришлар давомида қатор камчиликларга гувоҳ бўлганини айтди.

"Биз борган овоз бериш шаҳобчаларида биронта ҳам ўзбек тилига таржима қилинган Конституция лойиҳасини кўрмадик. Рус тилида ҳам Конституция лойиҳаси жуда кам эди. Бундан ташқари кўпчилик сайловчилар Қирғизистон парламент республикаси бўлиши учун овоз беришаётганларини билишмасди. Биз Қирғизистондаги референдум натижалари бўйича, ҳозирча якуний баёнот бермасликка қарор килдик. Чунки ушбу масала буйича ҳали жуда кўп омилларни таҳлил этишимиз лозим бўлади",-деб айтди жаноб Чуров.

Ўз навбатида Қирғизистон Муваққат ҳукумати Бош вазирининг муовини Омурбек Текебоев оммавий ахборот воситаларидан бирига берган интервьюсида президент Дмитрий Медведевга Қирғизистондаги вазият ҳакида айрим Россия хафсизлик хизмати ходимлари нотуғри маълумот етказаётганликларини айтган.

"Россия хафсизлик кучларининг айрим ходимлари Қирғизистондаги авторитар режимлар билан яқин алоқада бўлганлар ва уларнинг ҳозирга қадар Қирғизистонда манфаатлари мавжуд",- деб айтган Омурбек Текебоев.

Айни дамда Қирғизистон ҳукумати Россия бош прокуратураси ҳамда Россиядаги "Интерпол" бўлимига мурожаат қилиб, халқаро қидирувда бўлган шахсларни топишга ёрдам беришни сўраган.

Россия Ички Ишлар вазирлиги қошидаги "Интерпол" бўлими раҳбари Темур Лахониннинг айтишича, расмий Бишкек сўраётган шахслар Қирғизистондаги сўнги хунрезликларга алоқадор кўрилган кишилар ҳисобланади.

Россия мулозими Қирғизистон томони сўраётган шахслар исм шарифлари ошкор этилмаслигини билдирган.