Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳоллари ҳануз давом этмоқда

Image caption Иносн ҳуқуқлари фаолларига кўра, Жиззах далаларида ёш болалар 12 соатлаб меҳнат билан машғуллар

Инсон хуқуқлари фаолларига кўра Жиззах вилоятида мактаб болалари пахта даласида ишлаш учун сафарбар этилмоқда.

Болалар ягана ва ўтоқ ишлари билаш кунига 12 соатлаб машғуллар.

Жиззах вилояти "Инсон ҳуқуқлари жамияти"нинг Пахтакор тумани бўлими аъзолари ўтказган кузатувлар натижасида шу нарса маълум бўлганки, 7 сонли Ўрта мактабнинг 7-9 синф ўқувчилари пахтани яганалаш ва ўтоқ қилиш ишларига жалб этилмоқдалар.

Маълум бўлишича, мактаб ўқувчиларини Навбаҳор фермерлар уюшмаси дала меҳнатига жалб қилган.

Ушбу фермерлар уюшмаси марказида ҳатто ўқувчилар учун "мардикор бозори" ҳам вужудга келибди.

У ерда фермерлар оғзаки келишув асосида болаларни шахсий фермерлар хўжаликларида ишлаш учун ишга ёллайдилар.

Ўқувчиларни "мардикор бозори"дан юк машиналари ва трактор араваларида далаларга олиб борадилар ва улар эрта билан соат 7 дан кеч соат 8 гача, 12 соатлаб меҳнат қиладилар.

Фермерлар ўқувчиларни нонушта, тушки ё кечки овқат билан таъминламайдилар. Улар жўнгина озиқ-овқатни уйларидан олиб келиб, шу билан кифояланишга мажбурлар.

Болаларга бир эгат пахтани яганалаш учун 800 сўмдан 2 минг сўмгача ҳақ тўлар эканлар. Улар кунига 4ғ5 минг сўм (тахминан 2-2.5 АҚШ долларига тенг) миқдорда пул ишлайдилар.

"Инсон ҳуқуқлари жамияти"дан Бахтиёр Ҳамроев Би-би-си билан суҳбатда Жиззах далаларидаги болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари ҳақида айтиб берди.