Франция элчиси Қирғизистонда "инсониятга қарши жиноят" содир этилганини айтди

Image caption Халқаро ташкилотлар ўзбек маҳаллаларига қилинган ҳужумлардаги қирғиз хавфсизлик кучларининг роли тергов қилинишини талаб қилишмоқда

Қирғизистон жанубида ўтган ой юз берган этник зўравонликлар инсониятга қарши жиноят эди, бу тан олиниши керак. Бишкекка келган Франция ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси Франсуа Зимерай шундай деган.

"Бу оддий бир ғалаён эмас. Биз йирик кўламдаги инсониятга қарши жиноят қаршисида турибмиз. Унда халқаро ҳамжамиятнинг иштироки қандай бўлиши қайта кўриб чиқилиши керак," - деди у AFP хабар агентлиги билан суҳбатда.

"Мен баъзи амалга оширилган жиноятларнинг бешафқатлигига эътиборни қаратишга мажбурман, ва ўйлашимча, жаҳон ҳали нималар ҳақида гапираётганимизни англаб етмади," - деб айтган жаноб Зимерай Қирғиз ҳукумати билан учрашувлари ортидан.

Ўтган ой Қирғизистон жанубида этник қирғизлар ва этник ўзбеклар орасида юз берган тўқнашувларда, расмий кўрсаткичга биноан, камида 294 инсон ҳалок бўлган ва юз минглаб одамлар уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлишган.

Ҳалок бўлганлар сони, президент Роза Ўтинбоевага кўра, 10 баравар кўпроқ, яъни икки минг атрофида бўлиши мумкин. Бедарак йўқолган сони кундан-кунга ошиб бормоқда.

Айни дамда Қирғизистонга сафарини давом эттираётган БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари, Антонио Гутеррес, Қирғизистон жанубида уй-жойидан ажралган қочқинлар учун ташкил қилинган жамлоқларга борган.

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Гутеррес ўзи гувоҳи бўлган манзарани тасвирлади.

"Минглаб уйлар, турли техник жиҳозлар ёниб кетганини кўрдик. Ҳозир энг муҳими вазиятнинг бироз тинчиганидир. Мавжуд кайфият ҳали ҳам жуда таранг бўлсада, Қирғиз ҳукумати бир ҳил ҳуқуқларга эга бўлган иккала халқ вакиллари учун ҳам тўла фуқаролик учун шароитларни яратиб бериши жуда муҳим. Лекин, айни дамда Қирғизистон жуда қашшоқ давлат, шундай экан халқаро ёрдам кўрсатилиши шарт," - деди БМТ расмийси.

Айни дамда қирғиз ҳуқуқ-тартибот идораларининг хавфсизлик кафолати билан уйларига қайтган ўзбеклар ҳибсга олишлар ва дўппослашлар ҳақида хабар беришаяпти. Ўзбек миллатига мансуб фуқароларнинг ноқонуний тарзда тутқунликда сақланиши давом этмоқда.

Ҳибслар

Қирғиз телевидениесининг оҳирги ҳабарига кўра, Жалол-обод вилоятида оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланган ўзбек диаспорасининг раҳбарларидан бири Ғофуржон Абдураҳмонов Сузоқ туманида қўлга олинган.

Бу ҳақида Жалол-обод вилоятининг ички ишлар вазирлиги жиноий терговлар бўлими хабар қилган.

Жиноий қидирувда бошчилик қилган ички ишлар вазирининг биринчи муовини Мелис Турганбаевга кўра, жаноб Абдураҳмоновнинг уйида граната, йирик сонли ўқлар топилган.

Қирғизистонлик нуфузли инсон ҳуқуқлари фаоли Толекан Исмоилова ўзбеклар уйларида ўтказилаётган рейдлар ноқонуний йўлда олиб борилаётгани, оддий аҳоли вакиллари рейд чоғида дўппосланаётгани, аёллар тақинчоқлари тортиб олиниб, ўзбекларнинг қирғиз паспортлари ёқиб юборилаётганини хабар қилган.

Уйларига рейдлар ўтказилган баъзи ўзбеклар рейд чоғида полиция уларнинг уйига наркотик моддалар ва ўқлар ташлаётганини иддао қилиб, шикоят қилишган.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган Ўшлик ноҳукумат ташкилот ходимига кўра "оддий ўзбекларнинг уйларига бостириб кириб, наркотик ва ўқ топиб, олиб кетишаяпти."

Қирғиз телевизион хабарида, шунингдек, яна икки киши, хусусан қидирувда бўлган Жалолобод ўзбекларининг раҳбари Қодиржон Ботировнинг қариндоши қўлга олинган.

Полиция Қодиржон Ботировнинг уйида ҳам тинтув ўтказган.

24 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида этник зўравонликлар бўйича тергов натижаларини эълон қилган Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси Ўш ва Жалол-ободдаги воқеаларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқи иштирок этганини даъво қилган.

Идора баёнотида айтилишича, улар билан шу йил апрелида Дубайда учрашган (собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг ўғли) Максим Бакиев зўравонликларни молиялаган.

Баёнотда, шунингдек, "террористлар ва Бакиевпараст кучлар билан бирлашган" ўзбек миллий ва маданий марказлари раҳбарларига ҳам ишора қилинади.

Қирғиз хавфсизлик кучларининг бу даъволарини халқаро таҳлилчилар шубҳа остига олишмоқда. Уларга кўра, исломий экстремистлар, Бакиев тарафдорлари ва ўзбек раҳбарлари орасида алоқа бўлгани ҳеч қандай далил-исботга асосланмаган.