Тожикистон: бола савдоси билан боғлиқ ҳоллар кўпайиб бормоқда

Ҳомиладор аёл
Image caption Ҳозир Тожикистонда фарзанд туғиб бериш буюрутмаси берилаётган ҳоллар ҳам кузатилади

Шимолий Тожикистонда уч нафар аёл бола савдосида айбланиб маҳкамага тортилган. Хўжанд шаҳар маҳкамаси уларнинг ҳар бирини 3 йилдан озодликдан маҳрум этган.

Хўжанд шаҳрида яшайдиган 38 ёшли Мунаввар Хилватова аслида икки фарзанднинг онаси. Жорий йилнинг январ ойида унинг учинчи фарзанди дунёга келади. Чақалоқ аёл яшайдиган ётоқхонада туғилади.

Эри ўлгандан сўнг икки боласини қийналиб боқаётган аёл учинчи фарзандини сотиш ҳаракатига тушган. Бу мақсадда у Суғд вилояти туғруқхонасида ишлаётган фаррош аёл - Муаттар Шарипова билан тил бириктиради.

Фаррош аёл эри билан ўн йилдан кўп яшаб фарзанд кўрмаган аёлга болани сотиб олишни таклиф этади. Қайроққум шаҳрида яшайдиган Майрам Аҳмедова исмли 35 ёшли бу аёл тирноққа зорлигини айтиб, агар иш ими-жимида кўчса, болани сотиб олишга рози бўлади.

Маҳкама маълумотларига кўра, бола учун 800 сомоний, бу 180 доллардан кўпроқ пул сўралган. Фарзандсиз аёл пулни туғруқхонага олиб келган. Боланинг онаси ва фаррош бу пулни бўлиб олишган.

Маҳкама ҳар учала аёлни Тожикистон Жиноий Кодексининг балоғатга етмаган болаларни сотиш моддаси билан айблади. Уларнинг ҳар учаласи 3 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Кузатувчилар Шимолий Тожикистонда бола сотиш ҳолларининг қўпайиб бораётганлигини таъкидлашади.

Бундан уч кун олдин Хўжандда бола сотишда гумон этилган яна уч киши устидан жиноий иш қўзғатилган. Хўжанд шаҳри прокуратураси ёш боласини сотмоқчи бўлган 32 ёшли она ва бола сотиб олмоқчи бўлган эр-хотинни балоғатга етмаган инсон савдосида гумон этмоқда.

Дастлабки суриштирувларга кўра, икки ойлик бола 440 сомонийга, бу 100 АҚШ долларига тенг, савдо қилинган. Пулга қўшиб боласини сотган онага аёллар кийими ҳам берилган.

Кузатувчилар Тожикистонда яширин бола олишнинг кўпайиб бораётганини биринчи навбатда қонуний равишда фарзандхонликка олишнинг югур-югурлари, ҳужжат тўлғазишлар, кўпинча эса, гоҳ яширин, гоҳ очиқ таъмагирликнинг кўплиги билан изоҳлашади.

Лекин, гендер масалалари бўйича шуғулланадиган Роҳат Маҳмудованинг фикрича, қонунни четлаб ўтиб бола олишга интилишга Тожикистон аҳолисининг менталитети - табиати ҳам таъсир этади.

"Никоҳсиз фарзанд кўрган ёлғиз аёллар одамлар гап-сўзидан қўрқиб, янги туғилган чақалоқдан тез қутулишга интилишади. Бундай вазиятдан фойдаланган айрим одамлар эса, пул ишлаб қолиш мақсадида воситачилик йўлини тутиб, бола асраб олмоқчи бўлган оилалар билан хуфия иш битиришга интилишади", дейди Роҳат Маҳмудова.

Гендер борасида ўтказилган таҳлилларга кўра, ҳозирда оилали аёлларга ҳам бошқа бир оила томонидан фарзанд туғиб бериш буюртмаси берилаётган ҳоллар ҳам учраяпти. Ҳатто, туғиладиган бола учун олдиндан пулнинг бир қисми тўлаб қўйилади.

Лекин, айрим аёллар кўзи ёригач, фарзандини бегонага бергиси келмай, олинган пулни қайтариб берган ҳоллар ҳам учрайди. Айни шундай ҳолатда пул тўлаб қўйган оилалар "агар биз буюртма бермасак, бола туғилмас эди" қабилида жанжал кўтаришади.

Жорий йилда Табошар шаҳрида яшайдиган ёш аёл янги туғилган боласини ўлдиришда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди. Ҳуқуқ-тартибот мулозимларига кўра, бундай афсусланарли ҳоллар оз эмас.

Агар дунёга янги келган инсоннинг яшаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ва ёш онанинг озодликдан маҳрум этилиши ҳисобга олинганда, фарзандхонликка олиш масаласини осонлаштириш борасида ўйлаб кўриш вақти етган, дейишади кузатувчилар.

SMS рақамимиз: +44778620112