Қирғизистондаги вазият хорижий матбуот саҳифаларида

Қирғизистондаги референдумни ёритган хорижий нашрлар ушбу табдирнинг кутилганидан яхшироқ ўтганини ёзишган.

Бироқ Британиянинг "Экономист" ҳафтаномаси Қирғиз муваққат ҳукумати ҳамон мамлакатда тартибни ўрната олмаётганини ёзади.

Россияда нашр этиладиган "Российская Газета" эса Қиргиз расмийлари зўравонликларнинг қайталанмаслигига ишончлари комил эмас, дейди.

Марказий Осиёдаги энг қақшатқич миллий низодан кейин икки ҳафта ўтибдики, Ипак Йўли савдо марказининг бўлгасида кул учади, деб бошлайди ўз мақоласини "Экономист" ҳафталиги.

Британ нашрининг давом этишича, июндаги бу низода аксар ўзбеклардан минглаб одамлар нобуд бўлди, 400 мингга яқин инсон уй-жойини ташлаб қочди.

Мамлакатдаги 90 фоиз маъқуллов овозини олган референдум ортидан, Роза Ўтинбоева яна бир ярим йил президент бўлиб қолади.

Бу тинчлик учун берилган овоз деб ҳам аталмоқда.

Аммо ўзбеклар хавфсизлигини таъминлай олмаётган ҳукумат жанубдаги ўзбеклар ишончини қозониши зарур ҳали.

Ҳамон минглаб ўзбеклар Ўзбекистон чегарасига яқин ҳудудларда чодирларда яшашаяпти.

Қирғизларга кўра, гуё зўравонликни ўзбеклар бошлашган ва ҳужумларда қирғизлар ўлган.

Лекин Ўшдаги вайрон бўлган уй-жойларнинг аксари ўзбекларники.

Ўзбекларнинг шикоят қилишича, қирғиз расмийлари уларни тозалаш амаллари билан таъқиб қилишда давом этмоқдалар.

Ўғиллари ҳамон дом-дараксиз кетмоқда ва излаб-излаб жасадларини ўликхоналарда топишаяпти.

Британ ҳафталигининг ёзишича, бундайин бир шароитда, фақатгина холис текширув орқали тарафларни яраштириш мумкин холос.

Бироқ чиқаётган хабарларга биноан, қирғиз армияси зўравонликда бир тарафнинг ёнини олган, ҳамон инсон ҳуқуқлари фаоллари таъқиб остида.

Афғонистон гиёҳванд моддалари Оврўпога ўтадиган бу нуқтада эса қурол-яроғ топиш муаммо эмас, деб битади "Экономист".

"Российская Газета" ҳам референдумдан мақоласини бошлайди.

Мақола бошланишида қирғиз аскарлари тинтув қилаётган ўзбек хонадони тасвирланган.

Ундаги уч-тўрт ўзбек болакай қўрқув ичида онасининг этагига ёпишиб йиғлаётгани акс этган.

"Ўш қайта қурилади" деб Роза Ўтинбоевадан иқтибос беради нашр.

Аммо деб давом этади мақола, Қирғизистон ташқарисида ҳам ҳали ҳеч ким тинчликка эришилади деган ишончда эмас.

Вақтли ҳукумат вакиллари агар собиқ президентнинг ўғли Максим Бакиевни Британия бизга тутқазмаса, Афғонистон учун муҳим "Манас" ҳарбий базасини ёпамиз деб Вашингтон ва Лондонга таҳдид қилмоқдалар.

Россия ҳам бу муваққат ҳукумат кучига ишонмайди.

Россия ким билан иш қилаётгани ва янги қирғиз ҳукумати қанчалик кучли эканлигини билишни истайди.

Чунки жиноятчилик Қирғизистонда сиёсатга ҳам таъсир қилаётир, деб битади Россия нашри.

2005 йилги "Лола инқилоби"да ҳам, шу йилги апрел тўнтаришида ҳам жиноий гуруҳлар ҳукуматни ўзгартириш ишида фаол қатнашганлар, деб муваққат ҳукуматдаги манбаларга ишора этади бу нашр.