Президент Каримов минтақани йирик можародан асраб қолдими?

Ўзбек ва қирғиз матбуоти Ўш ва Жалолободдаги ҳодисаларни турлича ёритаётган бўлиши мумкин, аммо ҳар икки матбуот Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда йирик можаронинг олдини олиб қолгани ҳақида ёзмоқда.

Ўзбекистонда чиқадиган "Ҳуррият" рўзномасига кўра, Ислом Каримовнинг "қатъий иродаси ва донолиги" минтақада этник асосдаги йирик можаронинг юз беришини тўхтатиб қолган.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Жаҳон хабар агентлиги қирғиз матбуотининг айни мазмундаги мақолалари шарҳига ўрин берган эди.

Президент Каримов Қирғизистондаги воқеаларни қўшни мамлакатнинг ички иши, деб атаган ва уларнинг ортида "учинчи кучлар" турганини айтган.

Қирғиз расмийлари Ўзбекистон раҳбарига Қирғизистон жанубига ўз қўшинларини киритмагани учун миннатдорчилик ҳам билдиришган.

Ўш ва Жалолободдаги зўравонликлар чоғида қирғиз тўдаларининг шафқатсиз ҳужумларига учраган ўзбеклар Россиядан ёрдам сўраб, мурожаат қилишган ва ҳануз рус ёки БМТ кучларигина ўзларини ҳимоя қила олиши мумкинлигини айтишмоқда.

Хўш, Президент Каримов минтақада йирик можаронинг олдини олгани ҳақидаги иддао қанчалик асосли?

Би-би-си ушбу савол билан Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповга мурожаат этган.