Ўшда ярашув ҳафтаси бошланди, аммо хавотир сўнмаган

Сўнгги бир неча кун Ўшнинг Сулаймон тоғи атрофидаги вайрон бўлган маҳаллаларга жон киргандек бўлди.

Бугун эрталаб тор кўчалардан бирида қарию ёш ҳашар қилиб, маҳаллани ёнғин қолдиқларидан тозалаётганининг гувоҳи бўлдим.

Катта юк машинаси бирпасда синиқ ғишт, кул ва чала куйган ёғочга тўлди.

"Мотам мангу бўлмайди, яшаш керак," - дейди маҳалла оқсоқоли.

Одамлар ўз ҳовлиларида чодирлар учун жой ҳозирлашаяпти.

"Жамоага раҳмат - уйимни тозалаб беришди. Чодирни ҳам тайёрлаб қўйдик. Бир ўзим майда болалар билан нима ҳам қилардим. Эримни ўша куни отиб кетишди," - дейди қўшни аёл.

Боқувчисидан айрилган одамлар бу маҳаллада оз эмас.

"Не бўлса ҳам, қишгача бир хонани бўлса ҳам битириб олсак бўларди," - дейди кекса яна бир аёл. У ўттиз йил маҳаллий мактабда муаллимлик қилган. У қатори кўпчиликнинг ташвиши совуқ тушгунча бошпана тиклаб олиш.

Маҳаллий давлат идоралари вайрон бўлган уйларни текшириб, ҳужжатлаштиришни бошлаган.

Аммо, қачон ва қанча пул ёки қурилиш материаллари ажратилиши номаълум.

Ҳукумат Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларини аввалги ҳолига келтириш учун 450 миллион доллар лозимлигини айтган.

Ўш вилояти коменданти Бактибек Алимбеков бугун вилоятда "ярашиш ҳафтаси"ни эълон қилган.

Унга кўра, бу тадбир маҳаллий аҳоли таклифига кўра ўтказилмоқда. Тадбир доирасида ярашиш ошлари, оқсоқоллар ва аёллар учрашувлари кутилмоқда.

Қўшни туманларда бу каби тадбирлар аллақачон бошлаб юборилган. Бироқ, маҳаллий кузатувчилар бу каби ярашув ҳаракатлари Ўшда қийинроқ кечиши мумкинлигини айтишади.

Айни дамда, тезроқ ярашиш даркор эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди.

Расмийлар Ўшда вазият ўта секинлик билан бўлсада бир қадар изга тушганини айтишади. Аммо, маҳаллий аҳоли вакиллари бот-бот эшитилиб турилган ўқ овозлари, ва турли ноҳуш миш-мишлардан хавотирда.