'Қозоқ миллати раҳнамоси' Нурсултон Назарбоев бугун 70 ёшни қаршилайди

Назарбоев
Image caption Қозоқ "миллати раҳнамоси" бугун 70 ёшга тўлди

Бугун Қозоғистонда ҳам президент Нурсултон Назарбоевнинг 70 ёшлик юбилейи ва ҳам Остонага пойтахт мақоми берилган сана катта тантаналар билан байрам қилинмоқда.

Нурсултон Назарбоев қарийб чорак асрдан буён Қозоғистонни бошқариб келади.

Яқиндагина Қозоғистон парламенти жаноб Назарбоевни "Миллат раҳнамоси,"мақоми билан ҳам сийлади.

"Миллат раҳнамоси" бўлиш Нурсултон Назарбоев ва оиласини жиноий жавобгарликдан соқит этади, мол-мулкининг дахлсизлигини таъминлайди.

Президентликдан истеъфо бергандан сўнг ҳам, у мамлакат ижтимоий- сиёсий ва иқтисодий ҳаётига оид қарорларни беришда ўз кучига эга бўлади.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари жаноб Назарбоевнинг бошқаруви авторитар ва нодемократик эканини айтиб келишади.

Оз сонли танқидчилари эса, тириклигида кўча ёки шаҳарларнинг ўз номи билан аталишига қарши бўлган президентнинг олий ўқув юртлари масаласига келганда буни маъқуллашига ўз эътиборларини қаратишади.

Дейлик, ўтган ой пойтахт Остонада очилган Нурсултон Назарбоев номидаги янги университет бунга мисол.

Йилига 20.000 АҚШ доллари атрофидаги маблаққа сизга энг олий даражадаги таълимни таклиф этади.

Қозоғистон президент Назарбоев бошчилигида бу йил Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига раислик ҳам қилмоқда.

Расмий Остона Қозоғистонда демократик ислоҳотларни амалга ошириш ваъдаси билан ушбу мақомни қўлга киритганди.

Лекин шундай бўлса-да, Қозоғистонда матбуот эркинлиги ҳамон абгор аҳволда, кўплаб сиёсий фаоллар таъқиб остида ва уларни ҳибсга олиш ҳоллари ҳам тез-тез учрайди.

Дунёдаги энг баланд "Хон Чодир" ҳам очилади

Бугун пойтахт Остонада нақ 150 метрлик "Хон Чодир" ҳам очилади.

Ушбу кўнгилочар марказнинг тархи британиялик машҳур меъмор Фостер томонидан ишлаб чиқилган.

Чодир ичкарисида улкан оромгоҳ боғ ҳам барпо этилган.

20 метрлик бетон пойдевор устида барпо қилинган "Хон Чодир" шаҳардаги энг баланд бино бўлиш билан бирга, дунёдаги энг юксак чодир ҳамдир.

Чодирга ташриф буюрганлар дўкону, ресторанлар, кинотеатрлар ва ҳатто, сунъий соҳилу юриб турган поездларга ҳам гувоҳ бўлишади.

Тўрт йилда қуриб битказилган чодир Қозоғистоннинг ўта кескин иқлимига мослаштирилган.

Ёзнинг 30 градуслик жазирама иссиғи ёки қишнинг худди шундай қаҳратон совуғи бўлмайдими, чодир ичкарисида муътадил ҳаво таъминланган.

Ва бундан 13 йил бурун Қозоғистон пойтахтига айланган Остонанинг ташқи қиёфасини мислсиз ўзгартириб юборган навбатдаги ҳашаматли бинодир.