'Наримондаги оммавий тартибсизликлар ташкилотчиси ҳибсга олинган'

Қирғиз Ички ишлар вазирлиги мулозимларига кўра, Ўш яқинидаги Наримон қишлоғида оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда гумон қилиниб, собиқ ДАН ходими ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Қирғизистоннинг "Кабар" давлат ахборот агентлиги хабар қилган.

Ахборот агентлигининг Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги жанубий минтақада уюшган жиноятчиликка қарши кураш департаменти раҳбари Алмаз Эргешбоевга иқтибосан хабар қилишича, ҳибсга олинган шахс Ўш вилояти давлат автомобил назорати ходими, этник ўзбек Жаҳонгир Умаржоновдир.

Алмаз Эргешбоевга кўра, Жаҳонгир Умаржонов "гувоҳларнинг кўрсатмалари" асосида қўлга олинган.

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги зобити сўзларига кўра, собиқ ДАН ходимининг уйида кўп сонли қурол-яроғ топилган.

Жаҳонгир Умаржоновнинг шу йил 10 июндан 25 июнгача ишга чиқмагани сабабли вазифасидан озод этилгани хабар қилинган.

Қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сўнгги қонли ҳодисалар ташкилотчиларини ҳамда ўша ҳодисаларда фойдаланилган қурол-яроғни қидириш важи билан Ўш шаҳрига яқин Наримон қишлоғида ўтказган йирик амалиёти маҳаллий аҳоли ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг норозилигига сабаб бўлган эди.

Наримонликлар 21 июн куни эрта тонгданоқ ўзларининг уйларига Қирғиз махсус кучлари ходимлари бостириб киришгани, бир неча кишини калтаклашгани, ўзбек миллатига мансуб шахслар паспортларини йиртиб ташлашгани халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан қайд этилди.

Наримондаги амалиётда икки инсон ҳалок бўлган.

Қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари икки кишининг қуролли қаршилик кўрсатганини даъво қилган, бироқ маҳаллий аҳоли ва инсон ҳақлари фаоллари бу даъвони савол остига олишган.

Ўш ва Жалолобод вилоятларининг турли ҳудудларида сўнгги қонли ҳодисаларда ишлатилган қурол-яроғ қидирилаётгани сабаб қилиб кўрсатилиб ўтказилган амалиётларда ўнлаб ўзбек миллатига мансуб эркаклар ҳибсга олинган.

Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳибсдаги фуқароларга қийноқлар қўлланаётгани, бу инсонларга нима сабабдан ҳибсга олинганлари тушунтирилмаётгани ва улар адвокат билан таъминланмаётгани сингари инсон ҳуқуқларини бузиш ҳоллари кўпайганини хабар қилишмоқда.

Ўш вилоятининг бир неча ҳудуди ва Жалолобод вилоятида ҳам сешанба куни бир неча киши ҳибсга олингани ҳақида хабарлар олинган.