Қирғизистон жанубида ҳибсга олишлар давом этмоқда

Қирғизистон расмийларга кўра, мамлакат жанубидаги зўравонликлар юзасидан 100 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раисининг ўринбосари Азимбек Бекназаровга кўра, улардан 90 нафари ҳибсда ушлаб турилибди.

Жаноб Бекназаров ҳодисалар билан боғлиқ жаъми 855 та жиноят иши очилганини маълум қилган.

Қурбонларнинг расмий сони 293 кишига етган, 70 кишининг шахси ҳозирга қадар аниқланмаган.

Қирғиз мулозими ҳодисалар ортидан олиб борилган амалиётлар чоғида юзлаб қурол-яроғ ва катта миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг қўлга киритилганини айтган.

Азимбек Бекназаров ҳибсга олинганларнинг қайси этник гуруҳга мансублиги ҳақида маълумот бермаган, аммо қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодисалар ортидан бошлаган амалиётларда асосан ўзбек аҳолисининг нишонга олинаётгани айтилади.

Ўш ва Жалолободда ўзбек жамоасининг бир неча кўзга кўринган вакиллари, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ҳибсга олинган.

Улар орасида Жалолободдаги ўзбек жамоаси раҳбари Қодиржон Ботировга тегишли Халқлар Дўстлиги университети ректори, Сузоқдаги ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари, ўзбек тилидаги "Дийдор" рўзномаси бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов ва инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровлар бор.

Азимжон Асқаровнинг ҳимоячиси Нурбек Тўктакунов унинг тергов ҳибсхонасида қийноққа солинаётганини айтган.

Жалолобод вилоят прокуратураси қийноқ холати юзасидан жиноят иши очиш ҳақидаги сўровни рад этган.

Сешанба куни қирғиз расмийлари Қодиржон Ботиров ва унинг яқинларига нисбатан 7 та жиноят иши очилганини маълум қилган.

Аввалроқ Ботировнинг ўзига нисбатан қидирув эълон қилинганди.

Хавотирлар

Қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат жанубидаги зўравонликларда собиқ президент Бакиев тарафдорлари билан бирга, "айрим жамоа раҳбарларининг" ҳам қўли борлигини иддао қилган.

Сешанба куни Ўш вилоят давлат автомобил назорати хизматининг собиқ ходими Жаҳонгир Умаржоновнинг ҳибсга олингани маълум қилинган.

Ўш вилоят Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Алмаз Эргешбаевнинг айтишича, ўзбек миллатига мансуб собиқ зобит Қорасув туман, Наримон қишлоғида оммавий тартибсизликларни уюштиришда гумон қилинмоқда.

Милиция мулозими Умаржоновнинг 10 июндан 25 июнга қадар сабабсиз ишга келмагани важидан хизмат вазифасидан четлатилганини айтган.

Ҳибсга олиш чоғида гумондорнинг ёнидан ўқ-дорилар топилгани даъво қилинмоқда.

Аввалроқ қирғиз махсус кучлари Наримон қишлоғида олиб борган тозалаш амалиёти чоғида ўзбек миллатига мансуб икки фуқаро ўлдирилган, ўнлаб одамлар ҳибсга олинган.

Ҳибсга олинганлардан айримларининг тақдири номаълум экани айтилади.

Сешанба куни Қорасувдаги икки масжидга рейд уюштирилгани ҳақида хабарлар олинган.

Масжид аҳли қирғиз милицияси қурол-яроғ қидирганини айтишган.

Маҳбусларнинг қирғиз милицияси томонидан қийноққа солингани ҳақида хабарлар олинган.

Қизил Хоч ташкилоти қирғиз ҳукуматидан барча ҳибсдагилар билар кўришишга рухсат беришни сўраган.

Сешанба куни АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси Қирғизистондаги вазият, жумладан, жамоат раҳбарлари, ҳуқуқ фаоллари ва журналистларга нисбатан ҳаракатларни яқиндан кузатаётганини айтиб, қирғиз ҳукуматини этник мансублигидан қатъий назар, барча фуқароларга адолатли муносабатни таъминлашга чақирган.

Қўшма Штатлар элчихонаси шунингдек, Ўш ва Жалолободдаги ҳодисалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш ҳақидаги чақириғини такрорлаган.