HRW: Қирғизистондаги зўравонликларда ҳукумат кучлари роли текширилиши керак

Image caption HRW Қирғизистон жанубидаги зўравонликларда ҳукумат кучларининг иштироки не қадар эканлигини халқаро мустақил комиссия ўрганиши керак, дея айтмоқда.

Human Rights Watch Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар юзасидан ҳукуматнинг халқаро мустақил текширув ўтказиш таклифини олқишлаб, бу текширув албатта ҳукумат кучларининг зўравонликларда қўли борлиги масаласини ўрганишни ўз ичига олиши шартлигини билдирди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати 6 июл куни Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеясига мурожаат қилиб, мустақил халқаро текширув комиссиясини ташкил этиш ҳаракатларини мувофиқлаштиришни сўраганди.

"Бу каби комиссия ҳукумат кучларининг Қирғизистон жанубида содир этилган жиноятларда не қадар қўли борлигини аниқлашга эътибор қаратиши лозим", дейилади Human Rights Watch баёнотида.

Шунингдек 10-14 июндаги зўравонликлардан сўнг ўтказилган хафсизлик амалиётлари ҳам ўрганилиши талаб қилинган.

Би-би-си билан интервъюда Human Rights Watchнинг ҳозирда Ўшда бўлган вакиласи Қирғизистон ҳукуматининг халқаро комиссия ташкил этиш таклифи муҳим қадам экани, аммо комиссияга зўравонликлар билан боғлиқ ҳамма тафсилотларни текшира олиш мандати берилиши кераклигини айтди.

Анна Нейстат: Мустақил халқаро комиссия аъзолари июн ойида бўлиб ўтган зўравонликларни ҳар томонлама текшириш мандатига эга бўлсалар ва комиссия таркибига тажрибали, малакали ва обрўли халқаро текширувчилар кирсагина натижа беради. Албатта ҳозирда комиссия ташкил этишилининг дастлабки босқичида турибди, ҳали кўплаб жиҳатлар ишлаб чиқилиши керак, лекин биз аввал бошданоқ комиссия нималарга эътибор қаратиши кераклиги борасида аниқ тасаввурга эга бўлишимиз лозимдир. Биз Ўшда ҳодисалар мобайнида ва ундан кейин ҳам ўз тадқиқотларимизни ўтказиб келмоқдамиз. Ана шу тадқиқотларимиз мобайнида икки йирик савол туғилмоқда. Биринчиси, Қирғизистон хавфсизлик кучлари бу зўравонликларда не қадар иштирок этдилар ёки келтириб чиқаришда роллари бор? Ва иккинчи савол, маҳаллий расмийлар ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари бу зўравонликларнинг олдини олиш ёда олмасликда қандай рол ўйнаганлари ҳақида.

Би-би-си: Ҳукумат кучлари зўравонликларда қўли борлиги ҳақида нима учун шу қадар катта савол туғилмоқда? Сизларда бунинг бирон далиллари борми?

Анна Нейстат: Бизда ҳукумат кучлари ақалли кенг миқёсли зўравонликларнинг олдини олиб қолишмаганлигига ишора этувчи маълумотлар бор. Биз юзлаб гувоҳлар, маҳаллий расмийлар, ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан суҳбатлашдик. Бизда туғилаётган тасаввур шундайки, албатта ҳукумат кучларида зўравонликнинг олдини олиш учун катта имкониятлар бўлмагандир, лекин бошқа томондан хавфсизлик кучларида тартибсизликларнинг олдини олиш учун хоҳиш ҳам бўлмаган. Мен ҳозиргина Ўшлик бир гувоҳ билан учрашдим. Унинг сўзларига кўра, милиция ходимлари қирғизлардан ташкил топган гуруҳлар кўчаларда юриб, талон-тарож ва ўт қўйишлар билан шуғулланганда четда туриб, ҳеч нима қилмаганлар. Лекин ўзбек аҳолиси ўз уйлари ё бизнесларига кириб, ҳимоя қилмоқчи бўлганда уларни қувиб солганлар. Ҳудди шу каби сценарийлар ҳақида кўплаб айтилмоқда. Бошқа томондан ўзбек маҳаллалари яшовчилари бизга қайта-қайта қирғиз гуруҳларининг бостириб киришлари олдидан ҳарбий формадаги одамлар бу ҳужумларда иштирок этганлари ёда олмон учун йўлни очиб берганликлари ҳақида гувоҳликлар бермоқдалар. Бу ерда ҳарбий формадаги одамлар кимлар, деган савол туғилади. Бу одамлар ҳақиқий қуролли кучлар аскарларимида ё ҳарбий форма ва уловларни олиб қочиб, ҳарбий қиёфага кириб олганлар одамлармиди. Ана шу саволларга халқаро мустақил комиссия жавоб топиши керак бўлади.

Би-би-си: Қирғизистондаги зўравонликларда ҳукумат кучларининг иштироки борлиги ҳақида далилларга эга бўлган фаоллар бу далилларни йўқотиш ҳаракатлари, пўписалар бўлаётгани ҳақида айтмоқдалар. Сизга бу ҳақда нималар маълум?

Анна Нейстат: Бизда бу ҳақда билвосита далиллар бор. Биз Қирғиз ҳукуматига мурожаат қилиб, бу каби далиллар албатта сақланиб қолиши кераклиги ҳақида айтдик. Зўравонликлар мобайнида далилларни ҳужжатлаштирганларни тазйиқ остига олиш ҳаракатлари бор. Масалан икки ҳафта аввал бир текширув-назорат нуқтасида инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистлардан улардаги видеодискларни олиб қўйиш уринишига гувоҳ бўлдик. Журналистлар ва халқаро ташкилотлар вакилларига гапирган гувоҳларга ўтказилаётган тазйиқлар ҳақида кўплаб хабарлар олмоқдамиз. Ана шуларнинг ҳаммаси далилларни беркитиш борасида ҳаракатлар кетаётгани ҳақидаги тасаввурни уйғотади. Лекин буни атайлаб юритилаётган сиёсат дейиш учун далиллар етарли эмас, айтганимдек, бизнинг қўлимизда билвосита далиллар бор холос.