Қирғизистондаги зўравонликларга алоқадор кўрилган шахс Олма-Ота яқинида ҳибсга олинди

Image caption Наримон қишлоғида милиция ходимининг ўлдирилиши ортидан рейд ўтказилиб, рейд мобайнида икки киши ўлдирилганди.

Олма ота шаҳри яқинида шу йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган тўқнашувларда милиция ходимларини ўлдирганликда ва оммавий тартибсизликларда иштирок этишда гумон қилинган шахс ҳибсга олинган.

22 ёшли Қирғизистон фуқароси Наримон қишлоғида Қорасув туман ички ишлар бошқармаси раҳбари ва унинг ҳайдовчисини ўлдиришда айбланмоқда. Ҳибсга олинган шахс тез орада Қирғизистонга экстрадация қилиниши мумкин.

7 июн куни кечқурун Олма ота шаҳридан унча узоқ бўлмаган Бурулдай қўрғонида 22 ёшли Қирғизистон фуқароси оғир жиноятларни содир этишда гумон қилиниб ҳибсга олинган.

Олма ота шаҳар ички ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Озирнинг айтишича, ушбу шахс жиноий қидирув бошқармаси ходимлари ҳамда махсус кучлар иштирокида ушланган.

"Давлатлараро қидирувда бўлган шахснинг ушбу манзилда эканлиги тўғрисида тезкор хабар келиб тушди. Гумон этилаётган шахс жуда ҳам эҳтиёткор бўлиб яшаган ва кўзга ташланиб қолмаслик учун деярли ҳеч билан алоқада бўлмаган", - деди Салтанат Озирбек.

Ички Ишлар демартаменти масъулининг айтишича, Қирғизистон билан эришилган келишувларга биноан исми ошкор қилинмаётган ушбу шахс тез кунларда ватанига топширилади.

Матуот котибининг илова қилишича, ушбу шахс Қозоғистон ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрамаган.

Унинг ҳимоячи билан таъминланганлиги борасида айни дамларгача бирор хабар маълум эмас.

Ҳуқуқ тартибот ходимлари қўлга олинган шахснинг миллатини ҳам ошкор қилишмаяпти.

Унга нисбатан Қорасув туман ички ишлар бошқармаси раҳбари ва унинг ҳайдовчисини ўлдирганликда ҳамда оммавий тартибсизликларда иштирок этиш айблари қўйилмоқда.

21 июн куни тонгда ҳарбийлар Наримон қишлоғига қурол излаш баҳонасида бостириб қирган ва кўплаб ухлаб ётган инсонларни калтаклаб икки кишини ўлдирган эди.

Гувоҳлар ҳарбийлар ўлдирилган Адилбек Султоновнинг ўчини олиш учун ушбу рейд ўтказилганини айтишади.

Қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сўнгги қонли ҳодисалар ташкилотчиларини ҳамда ўша ҳодисаларда фойдаланилган қурол-яроғни қидириш важи билан Ўш шаҳрига яқин Наримон қишлоғида ўтказган йирик амалиёти маҳаллий аҳоли ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг норозилигига сабаб бўлган эди.