Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғиз хавфсизлик хизмати Ўшдаги телевидениени тинтув қилган

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари Ўш шаҳридаги "Ўш ТВ" телевидениеси студиясида тинтув ўтказган, телевидение раҳбарлари билан савол-жавоблар ўтказишган.

Улар қирғиз расмийлари миллий низо қўзғашда айблаётган ўзбек диаспораси раҳбари Қодиржон Ботировнинг "Ўш ТВ"да намойиш этилган чиқиши тасвирга олинган дискни қидиришаётганини айтганлар.

"Ўш ТВ" асосчиси ва раҳбари Ҳалилжон Худойбердиевнинг айтишича, у бу дискни прокуратура талаби билан май ойидаёқ прокуратурага тақдим этган.

Хусусий телевидение раҳбарининг айтишича, май ойида Жалолобод вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Бектур Асанов ва ўзбек жамияти раҳбари Қодиржон Ботиров иштирок этган йиғилиш тасвирга олинган ва бу йиғилиш "Ўш ТВ" орқали икки кун мобайнида эфирга узатилган.

Ҳалилжон Худойбердиев эфир орқали узатилган бу йиғилиш халқлар дўстлигига бағишланганини айтади ва бу билан телевидение ўзининг ахборот тарқатиш вазифасини бажарган, дейди.

Ҳалилжон Худойбердиев Ўш шаҳрида қонли ҳодисалар бошланган кунларда "Ўш ТВ" ўз фаолиятини тўхтатганини, бироқ 4 кундан буён кўрсатувлар намойиш этишни бошлаганларини айтади.

Кечки пайтларда қирғиз тилида диний мавзудаги кўрсатувлар, Ўш шаҳри сўнгги янгиликлари намойиш этилмоқда, Чингиз Айтматов асари асосида тасвирга олинган "Қизил олма" бадиий фильми намойиш этилган.

"Ўш ТВ" 1991 йилда ташкил этилган.

Телевидение қирғиз, ўзбек ва рус тилларида кўрсатувлар намойиш этади.