Қозоғистон Қирғизистондаги қайта қуриш ишларига ёрдам бермоқчи

Image caption Қозоғистон Қирғизистон иқтисодини қайта тиклашга кўмак бермоқчи эканлигини маълум қилди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Қирғизистон иқтисодини тиклаш учун махсус дастурни амалга ошириш борасида президент Отунбаева хоним билан телефон орқали мулоқотда бўлган.

Бундан ташқари расмий Остона Қирғизистонга сармоя жалб қилиш борасида халқаро донорлик конференцияси ўтказишни мақсад қилмоқда.

Бироқ кузатувчилар расмийлар томонидан янграётган бундай режаларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш кераклигини айтишади.

Уларга кўра, Қозоғистон Қирғизистонга расман ўзини яқин олаётган бўлишига қарамасдан Муваққат ҳукумат аъзолари орасида расмий Остонани сусткашликда айблаётганлар талайгина.

Қозоғистон расмийлари Қирғизистоннинг жабр кўрган иқтисодини тиклаш учун амалий чораларни муҳокама қилишга киришган.

Оврўпада Хафвсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти амалдаги раиси, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қанат Саудабаев Қирғизистон президенти Роза Отунбаева билан мамлакатни иқтисодий тиклаш дастурини амалга ошириш йўлларини муҳокама қилди.

Ушбу таклиф Қозоғистон президенти Назарбоев томонидан янграган ва бу борада маълум келишувга эришилган эди. Қозоғистон томонидан бу дастурни амалга ошириш учун Бош вазир ўринбосари бошчилигида махсус комиссия ҳам тузилди.

Бундан ташқари Қозоғистон Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига раис сифатида Қирғизистонга сармоя ва кўмак жалб қилиш мақсадида халқаро донорлик конференцияси ташкил қилишни мўлжалламоқда.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Андрей Ханга кўра, Қозоғистон бу каби режаларни илгари сурган вақти биринчи ўринда Халқаро ҳамжамиятдан олинадиган ёрдамга суянади.

Бундай лойиҳаларнинг амалга ошиши ё ошмаслигини вақт кўрсатади, аммо айни дамда қирғизистонликларни келажакка умидлантириш учун ҳам мана шундай баёнотлар керак дейди у.

" Бироқ мен бир нарсага аминманки, Қирғизистон Қозоғистоннинг миллий манфаатлари ётадиган ҳудудга киради. Ва Қозоғистон у ердаги вазиятни барқарорлаштириш учун қўлида келганини қилади", дейди Андрей Хан.

Маҳаллий кузатувчилар Қозоғистон Қирғизистонга ўзини расман яқин қилиб кўрсатаётган эса-да, икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар бир қарашда кўринганидек силлиқ эмаслигини айтишади.

Президент Ўтинбаеванинг ўринбосари Азимбек Бекназаров ҳали ҳам Қозоғистонга тегишли иссиқ кўл бўйидаги дам олиш масканларини давлат фойдасига мусодара қилиш ниятидан қайтмаган.

Яқинда янги партия тузиб, кузда бўлиб ўтадиган парламент сайловларида иштирок этишни мақсад қилган жаноб Бекназаров сайлов олди дастурида қўшниси Қозоғистон билан деярли муросасиз йўлни танлаганини ошкор қилмоқда.

Қирғизистон вақтли ҳукуматидаги айрим сиёсатчилар Қозоғистонни чегараларни ёпиб қўйиш, нефт маҳсулотларини ўтказмаслик ва қирғизистонликларни мажбуран депортация қилишда айблашади.

Қирғизистон иқтисодининг асосий қисмини ташкил қилувчи 150 мингдан ортиқ тикувчилар эса ҳанузгача мажбурий таътилда эканлиги айтилади. Уларнинг ишсиз қолишига сабаб товарларнинг Қозоғистон ҳудудига киритилмаётгани билан изоҳланади.