Раҳмон Малик:'НАТО ва Афғонистон Толибларни тўхтатиш учун етарли ҳаракат қилмаяптилар'

Image caption Покистон Ички Ишлар вазирига кўра, Моҳманддаги портлашни Афғонистондан ўтиб келган жангарилар амалга оширганалар.

Покистон Ички ишлар вазири НАТО ва Афғонистонни Толибларнинг Покистон ҳудудига ўтиб келишларининг олдини олиш учун етарли чоралар кўрмаётганлкида танқид қилди.

Жаноб Раҳмон Малик шу билан бирга Покистондан Афғонистонга анчайин кўпроқ Толиблар ўтиб, халқаро кучларга қарши ҳужумларни амалга ошираётганликларини рад этди.

Би-би-си билан интервьюда жаноб Раҳмон ўтган ҳафта юзга яқин кишининг умрига завол бўлган Моҳманд туманидаги ҳужумни айнан Афғонистондан келган жангарилар амалга оширганликларини айтди.

Моҳманддаги ҳужум бу йил мобайнида амалга оширилган ҳужумларнинг энг қақшатқичи бўиб, бу минтақани яқинда Покистон ҳукумати жангарилардан тозалашга муваффақ бўлганлигини эълон қилганди.

Покистон Ички Ишлар вазирига кўра, ҳужумни уюштирган жангариларнинг Афғонистон ҳудудидан ўтиб келганликларини тасдиқловчи жосуслик маълумотлари етарлидир.

"Моҳмандда жангариларнинг илдизини қуритган пайтимизда шунча катта сондаги инсон қурбон бўлган ҳодиса биз учун янгилик. Биздаги жосуслик маълумотларига кўра, Толибон жангарилари ўқ-дорилари билан бирга Афғонистондан ўтиб келишган. Шу сабабдан ҳам, мен афғон ҳукуматидан шу ҳудудларни, айниқса, Кунар вилоятини яхшироқ назорат этишини талаб қилдим. Чунки жангарилар Покистонга айнан Кунардан ўтиб келишмоқда", деб айтди у.

Покистонда ҳужумлар мутассил равишда нафақат Моҳманд каби чегара минтақаларида балки бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилиб келинмоқда.

Бу ҳолат ўз навбатида кўплаб Покистонликларда ҳукумат жангариларга қарши кураш учун лозим стратегияга ёда ҳужумлар эҳтимолини камайтириш қобилиятига эга эмаслиги ҳақидаги фикрларни уйғотмоқда.

Аммо Покистон вазири ҳукумат қатор чораларга қўл ураётгани, аммо халқаро ҳамжамият ҳам бунга ёрдам бериш масаласида ўз масъулиятини ҳис этиши лозимлигини айтади.

"Балужистон, Афғонситон, Эронга қадар чўзилган узундан-узоқ чегараларимиз оша жангарилар, ўқ-дорилар Покистонга кириб келмоқда. Шунинг учун ҳам биз халқаро ҳамжамиятда бу масалада кўмак сўрашга ҳақлимиз. Биз уларнинг ҳамкори ва иттифоқчиси эканмиз, халқаро ҳамжамият ҳам ушбу муаммога эътибор қаратиши лозим" деди Раҳмон Малик.