Парламент сайловлари олдидан Қирғиз ҳукуматида ўзгаришлар

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева
Image caption Роза Ўтинбоеванинг сафдошлари муваққат ҳукуматни тарк этмоқдалар

Қирғизистонда 10 октябрга мўлжалланган парламент сайловлари олдидан муваққат ҳукумат таркибидаги сиёсатчилар ўз истеъфоларини эълон қилганлар, Президент Роза Ўтинбоева янги ҳукумат тартибини тасдиқлади.

Ўмурбек Текебаев Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси ўринбосари лавозимидан истеъфо бериб ариза ёзган.

У ўзининг етакчилигидаги "Ота макон" партияси келгуси парламентда кўп ўрин эгаллаши мақсадида сайловолди амалиётларига киришажагини эълон қилди.

Бир кун илгари муваққат ҳукумат раҳбарининг яна бир ўринбосари Азимбек Бекназаров бир неча партияларни ўз ичига олган "Бирлашган халқ ҳаракати"га асос солганини эълон қилди.

Муваққат ҳукуматда Молия вазири вазифасини бажарувчи Темир Сариев "Оқ шунқор" партиясининг раҳбари ҳисобланади, у 14 июлдан ҳукуматдан кетишини эълон қилган.

Бундан олдин муваққат ҳукумат таркибида бўлган Бўлот Шерниёзов ва Элмира Ибаримовалар ўз истеъфолари ҳақида эълон қилган эдилар.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, парламент сайловига ўз номзодини илгари суришни истаган шахс камида икки ой ҳукумат лавозимларида фаолият юритмаслиги лозим.

27 июнда ўтказилган референдум якунларига кўра, Қирғизистонда парламент республикаси жорий этилади, парламент сайловларида энг кўп ўрин эгаллаган партиянинг ҳукуматни шакллантириши талаб этилади.

Кузатувчиларга кўра, октябр ойидаги сайловларда мамлакатдаги бир партиянинг мутлақ кўп ўринни эгаллаши қийин, янги ҳукумат турли партиялар вакилларидан иборат коалицион ҳукумат бўлиши мумкин деган тахмин билдирилаяпти.

13 июл куни Қирғизистоннинг муваққат президенти Роза Ўтинбоева ўзининг фармони билан ҳукумат таркибини тасдиқлаган.

Бу фармонда қайси соҳаларни вазирликлар, қайси соҳаларни эса қўмитаю-агентликлар бошқариши белгиланган.

Ушбу фармонга кўра, Қирғизистон ҳукумати бош вазирдан, бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва бош вазир ўринбосарларидан, вазирлар ва қўмиталар раҳбарларидан иборат бўлади.

Қирғизистон муваққат ҳукумати шу вақтгача хусусий мулк бўлиб келган иқтисодиёт объектларини национализациялаштириш амалларини бошлаган.

Шу йилнинг 7 апрелида собиқ президент Қурманбек Бакиевга мухолиф бўлган сиёсатчиларнинг норозилик чиқишлари Бакиевни ҳокимиятдан ағдарган, мамлакатда муваққат ҳукумат ташкил этишга қарор қилинган.

Муваққат ҳукуматдаги сиёсатчиларга кўра, Қирғизистонда президентлик бошқаруви ўзини оқламади.

Шунинг учун улар мамлакатда парламент бошқарувини жорий этиш мақсадида Қирғизистон конституциясига ўзгартириш киритишни кўзлаган референдум ташкил этдилар.

Қирғизистон жанубида бошланган қонли ҳодисаларга қарамасдан, умумхалқ овоз бериш ўтказилди.

Қирғиз расмийларига кўра, Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги қонли ҳодисаларда қарийб 900 инсон ҳалок бўлган.