CPJ ЎшТВга уюштирилган рейдни қоралади

Image caption ЎшТВ Марказий Осиёдаги биринчи мустақил телеканал ҳисобланади

Нью Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси қирғиз хавфсизлик хизматларидан ЎшТВнинг мусодара қилинган жиҳоз ва материалларини қайтаришни талаб қилди.

Ташкилот шунингдек, қирғиз расмийларини телеканал муассиси ва директорлар кенгаши раиси Ҳалил Худойбердиевнинг сўроқ қилиниши юзасидан тушунтириш беришга чақирди.

ЖҲҚ эълон қилган баёнотда ўтган ой Қирғизистон жанубида юз берган қонли миллатлараро тўқнашувлар манзарасида ЎшТВнинг қўрқув ва таъқибларсиз фаолият кўрсата олиши муҳим экани таъкидланади.

9 июл куни қуролланган қирғиз хавфсизлик хизмати ходимлари ЎшТВда тинтув ўтказган ва унинг раҳбари Ҳалил Худойбердиевни бир муддат ушлаб турган эди.

Ҳалил Худойбердиев шу куннинг ўзида қўйиб юборилган, аммо телеканал архиви ҳамда баъзи жиҳозлари мусодара қилинган.

Би-би-си билан суҳбатда Ҳалил Худойбердиев текширувчилар ҳеч қандай санкцияни кўрсатишмаганини айтган.

Улар нима учун материалларнинг мусодара қилинаётгани ҳақида ҳам изоҳ беришмаган, аммо ҳодиса шу йил май ойида Жалолободдаги ўзбекларнинг намойишлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Мустақил телеканал

ЎшТВ собиқ президент Бакиевнинг ағдарилиши ортидан мамлакат жанубида юз берган воқеалар, жумладан, Бакиев ва вақтли ҳукумат тарафдорларининг қарама-қарши намойишларини ҳам ёритган.

Қирғиз расмийлари бу намойишларда ўзбек раҳбарларидан Қодиржон Ботировнинг ўзбек тилига расмий мақом ва ўзбекларга мухторият берилишини талаб қилиб чиққанини даъво қиладилар.

Ҳалил Худойбердиев бу ҳодисалар чоғида ўзларининг касб вазифаларини бажарганликларини айтади.

ЎшТВ фаолияти зўравонликлар бошланган куннинг эртаси 11 июндан бошлаб тўхтаб қолган эди.

Телеканал 6 июлдан қайта иш бошлаган, аммо Ҳалил Худойбердиев 9 июл куни юз берган рейд унинг фаолиятини фалажлантириб қўйганини айтган.

Рейд ортидан ўзбек тилидаги эшиттиришлар тўхтатилган ва телеканалга бош биректор этиб Бишкекдан келгани айтилган Комил Сиддиқов тайинланган.

Чоршанба куни Би-би-си билан суҳбатда Комил Сиддиқов Ҳалил Худойбердиевнинг телеканал муассиси ва директорлар кенгаши раиси сифатида қолаётганини айтган.

Аммо Худойбердиевнинг ўзи рейддан сўнг ишда пайдо бўлмаган ва ҳамкасблари унинг оиласи билан Ўшни тарк этган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

ЎшТВнинг янги директори ўзбек журналистларига босим ўтказилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Ўзбек тилидаги кўрсатувларнинг тўхтатиб қўйилишини эса у "вазиятни барқарорлаштириш уриниши" билан изоҳлаган.

Комил Сиддиқовнинг сўзларига кўра, ўзбек тилидаги эшиттиришларни вақтинчалик тўхтатиб туриш қарори ижодий жамоа томонидан қўллаб-қувватланган.

ЎшТВга яқин манбаълар ўзбек журналистларига фақат қирғизча ва кадр ортидан лавҳаларни тайёрлаш вазифаси топширилганини айтишмоқда.

1991 йилда ташкил этилган ЎшТВ Марказий Осиёдаги биринчи мустақил телевидение бўлиб, унинг кўрсатувларини Қирғизистон жануби билан бирга, Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида ҳам томоша қилиш мумкин.