Олмония ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга сафар қилди

Image caption Олмония ташқи ишлар вазири Қирғизистонга сафари чоғида халқаро тергов талабини урғулаши кутилмоқда

Ўзбекистон президенти Олмония Ташқи ишлар вазири Гидо Вестервелле билан Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилган.

Бу ҳақдаги расмий хабарда айтилишича, жаноб Вестервелле Президент Каримовга "Қирғизистон жанубида содир этилган воқеалар муносабати билан Ўзбекистоннинг вазмин ва оқилона сиёсатини юқори баҳолаган".

Олмон мулозими 16 июл куни Ўшга сафар қилиши ва у ердаги вазият билан яқиндан танишиши хабар қилинган.

Жаноб Вестервелленинг Қирғизистон жануби ва кейинроқ Бишкекка Франция Ташқи ишлар вазири Бернард Кушнер билан бирга сафар қилиши кутилмоқда.

Уларнинг Ўшда Ўзбекистондан қайтиб борган қочқинларга халқаро ёрдамнинг қандай тақсимланаётгани билан танишишлари айтилган.

Аввалроқ Франция ташқи ишлар вазири қирғизистонлик қочқинларга ёрдам кўрсатишда БМТ етакчи рол ўйнаши кераклигини айтган.

Оврўпонинг бирданига икки етакчи давлати ташқи ишлар вазирларининг Қирғизистонга сафар қилишини кузатувчилар "яхши белги" деб талқин қилишмоқда.

Уларга кўра, қўшма ташриф Оврўпо Иттифоқининг Фарғона водийсидаги вазиятга эътиборини кучайтиради.

Ҳар икки вазирнинг Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган этник зўравонликлар юзасидан халқаро текширув ўтказиш талабини урғулашлари тахмин этилмоқда.

Қирғизистондаги вазият Екатеринбургда учрашаётган Россия Президенти Дмитрий Медведев ҳамда Олмония канцлери Ангела Меркелнинг ҳам учрашуви кун тартибида бўлиши маълум қилинган.

Олмония ташқи ишлар вазири 17 июл куни Қозоғистонга сафар қилади, ҳафта охирида эса Олмония канцлери Ангела Меркелнинг Остонага расмий ташрифи режаланган.