Тожикистон Президентининг 16 ёшли қизи телекўрсатувлар бошловчиси

Image caption Зарина Раҳмонова Тожикистон телевидениеси Биринчи каналида инглиз тилидаги янгиликлар дастурини олиб бормоқда.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг 16 ёшли қизи Зарина Раҳмонова мамлакат телевидениесининг биринчи каналида инглиз тилидаги янгиликлар дастурини тақдим эта бошлади.

Президент Раҳмоннинг кенжа фарзанди бўлган Зарина ҳозирда Буюк Британияда таҳсил олмоқда.

Инглиз тилидаги 7 дақиқалик янгиликлар дастурини олиб бориш Зарина учун иш практикаси эканлиги айтилмоқда. У янги ўқув йили бошлангунга қадар яна икки ой телевидение орқали янгиликлар дастурини тақдим этади.

"Биринчи канал" янгиликлар бўлинмасининг раҳбари Хўжаназар Аминиён ўз қарамоғи остида дасталбки меҳнат қадамларини қўяётган Зарина ишидан ўта қониққанлигини айтади.

Унга кўра телевидение экранларида пайдо бўлишдан аввал Зарина кунига бир неча соатлаб дикторлик маҳоратини ўрганган.

Лекин янгиликлар бўлимининг кўплаб ходимлари охирги дақиқаларгача Президентнинг қизи улар сафига келиб қўшилиши ҳақида хабарсиз бўлганлар.

Телевидение ходимларининг айтишларича, Зарина Раҳмонованинг келишига катта тайёргарлик кўрилган. Телевидение биноси ҳовлиси яхшилаб супурилиб, бино даҳлизидаги гиламларгача янгисига алмаштирилган.

Ўзбек тилидаги янгиликлар дастури бошловчиси Аслия Қурбонованинг айтишича, ҳамма "Президентнинг қизи қандай қилиб ишларкин" дея қизиқишган.

"Зарина эса ўзига анча ишонган ва уқувли қизга ўхшайди. Унинг келиши билан зора бизда ижобий ўзгаришлар рўй берса, масалан профессионал стилист ва гримёрлар пайдо бўлса", дейди Аслия Қурбонова.

Тожикистон телевидениесининг биринчи канали тўрт давлат каналидан биридир ва асосан расмий хабарларни бериш билан машғул.

Танқидий лавҳалар каналда жуда камдан-кам берилади.

Мамлакатда расман цензура мавжуд бўлмаса ҳам, кузатувчилар қатъий цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш жуда кенг тарқалганлигини айтадилар.

Тожикистон Президентининг тўққиз фарзанди бор -етти қиз ва икки ўғил. Уларнинг ҳаммаси турли давлат ташкилотларида мансабларга эгалар.

Президентнинг иккинчи қизи Озода Раҳмон Ташқи Ишлар вазирининг ўринбосари.

Тўнғич ўғли Рустам Раҳмон пойтахт Мажлисининг аъзоси, шунингдек Сармоя ва Мол мулк Давлат Қўмитасининг раҳбари.

Рустам Раҳмон аввалроқ Тожикистон Ёшлар Иттифоқининг раис ўринбосари этиб ҳам сайланганди. Бу Иттифоқи сиёсий ҳаракат ҳисобланади ва ўз номзодини давлат раҳбари лавозимига таклиф этиши мумкин.

Шундай қилиб Тожикистоннинг қудрат отадан ўғилга ўтган давлатлар тажрибасини қайтариши эҳтимоли йўқ эмас.

Марказий Осиё республикаларида юқори лавзимли раҳбарлар фарзанд ва яқинларининг муҳим лавозимларга тайинланиши деярли анъанага айланиб улгурган.