Қозоғистон чегарадаги ҳодисани Қирғизистон билан бирга текширмоқчи

чегарачилар
Image caption Қозоқ қирғиз чегарасида қонли ҳодисалар илгарилари кузатилмаган

Қозоғистон ва Қирғизистон икки қирғиз фуқаросининг ўлими ва қозоғистонлик бир чегарачининг яраланиши билан якун топган ҳодисани биргаликда текширишга келишиб олишган.

Бу ҳақда Қирғизистон Давлат Чегара хизмати раиси муовини билдирган.

Икки давлат чегарасида юз берган можаро юзасидан томонлар ўз текширув ишларини аллқачон якунлашган.

Бугун Қозоғистон ва Қирғизистон чегара хизматлари раҳбарларининг учрашувлари ҳам кутилмоқда.

Отишма 13 июл куни Қозоғистоннинг Қирғизистон билан тоғли ҳудудидаги чегара қисмида қонунбузарлар ва чегарачилар ўртасида рўй берганди.

Уч нафар қирғизистонлик бир уюр отни чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, юртларига олиб кетаётган бўлишган.

Қозоғистон чегара хизматига кўра, қонунбузарлар чегарачиларнинг огоҳлантиришига қулоқ тутишмаган. Ҳужжатларини кўрсатиш сўралганда, қуролли қаршилик кўрсатишган. Қозоғистонлик чегарачиларга қарши ҳужум қилишган.

Чегара хизмати масъулининг илова қилишича, юзага келган отишма натижасида икки қонунбузар ўлган ва биттаси қўлга олинган.

Яраланган чегарачи марказий ҳарбий госпиталга ётқизилган, унинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.

Қўлга олинган қирғизистонлик чегарани ноқонуний равишда бузиб ўтганлигини тан олган.

Унинг 3 дона қуроли ва 20 бош оти мусодара этилган.

Маҳаллий кузатувчилар Қирғизистондаги сўнгги қонли тўқнашувлар ортидан одамларнинг қўлларида қурол тўпланиб қолганини ва бунинг оқибатида чегаралар бир мунча хавфли бўлиб қолганини айтишади.

Бўлиб ўтган қуролли тўқнашувга қарамай, Қозоғистон Қирғизистон билан чегараларини қўриқлашда кучайтирилган тартибдан оддий режимга кўчган.

7 апрелда Қирғизистонда бўлиб ўтган давлат тўнтаришидан сўнг Қозоғистон давлат чегараларини ёпиб қўйган ва кейинчалик уни қисман очиб кучайтирилган тартибда қўриқлаб келаётган эди.