ОХҲТ Ташқи ишлар вазирлари Қозоғистонда учрашмоқда

Олма-ота
Image caption ОХҲТ Ташқи ишлар вазирларининг норасмий саммитида асосий эътибор Қирғизистон ва Афғонистонга қаратилади

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирларию, дипломатлари йиғинида кун тартибини асосан Қирғизистон ва Афғонистондаги вазият муҳокамаси ишғол қилиши тайин.

Президент Назарбоев шанба куни айни норасмий йиғинни расман очиб берар экан, минтақа ва дунё юз тутаётган хавфсизлик муаммоларига тўхталиши ва ташкилотга раислик қилаётган Қозоғистоннинг яна бир орзусига урғу бериши кутилмоқда.

Орзуки, Қозоғистон ташкилотга раислик қилаётган даврда аъзо мамлакат раҳбарларининг олиймақом учрашувларини ўтказиш...

Ғарбу Шарқнинг элликдан ортиқ давлати аъзо ташкилот учун хавфсизлик соҳасида энг сўнгги синов Қирғизистондаги зўравонликлар бўлди. Қўшни давлат Қозоғистон раислиқ қилаётганига қарамасдан,аксарият Қирғизистондаги қонли воқеаларни бартараф этишда ташкилот ўз вақтида амалий қадамлар қўя билмаганини урғулайди.

Шунда ҳам куни кеча Қозоғистоннинг юқори лавозимли мулозимлари Қирғизистонга сафар қилишгани зўр бериб маҳаллий матбуотда тарғиб қилинмоқда.

Ташкилотнинг тинчликпарвар полиция кучларини Қирғизистонга киритиш масаласи норасмий йиғинга келадиган вазирлару дипломатларнинг диққат эътиборида бўладиган кўринади.

Аммо ташкилотнинг бу кучи қандай шаклда бўлади, унга қай бир вазифа юкланади деган саволларга аниқ жавоб йўқ.

Уйғунлик: Остона обрўси ва саммит орзуси...

Қозоғистон учун Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилиш ва эҳтимолки, барча давлат раҳбарларини саммитга йиғиш ҳам халқаро ва ҳам минтақавий саҳнада Остонанинг обрўсига обрў қўшиши тайин.

Айниқса, айни саммитга Америка президенти Барак Обама қатнашиши эҳтимоли назарда тутилса, Остонадаги раҳбарларнинг бу қадар “куйиб пишишларини” тушуниш мумкин.

Шу кунлар Алматидаги энг қимматбаҳо меҳмонхоналар вазирлару дипломатлар учун ажратилган, махсус маданий тадбирлар уюштирилган ва матбуотнинг ҳам асосий мавзуси ҳам уч тўрт сўзга жам бўлган. Бу сўз “ Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти”дир.

Аммо ҳамма гап ташкилотга аъзо йирик давлатларнинг иродасига боғлиқ кўринади.

Қозоғистон мулозимларига кўра, хавфсизлик соҳасида минтақа ва дунё юз тутаётган муаммоларни ҳал этиш йўлида ташкилотга аъзо давлат раҳбарларининг олиймақом учрашуви ўта муҳим тадбирдир.

Ташкилотнинг сўнгги саммити 1999 йилда Истанбулда кечган эди.

11 йил аввал ташкилот раҳбарлари олиймақом учрашувга доир имзолаган декларацияга кўз югуртирадиган бўлсак, бир томондан, бугунги дунё реалликлари ҳамон катта ўзгаришларга юз тутмагандай... “ Биз, дейилади декларацияда, қаерда бўлмасин, имкон бўлганида зўравонли зиддиятларни бошланиб кетишининг олдини олишга аҳд қиламиз...”

Ҳукуматнинг тобора босим остида қолаётган мухолифати ва мустақил журналистлари эса ташкилотга раислик Қозоғистон раҳбарияти учун фақат обрў орттириш йўлидаги ҳаракатлар мажмуидан иборатдир дейишади.

Марказий Осиёнинг иқтисодий жиҳатдан етакчи мамлакатида ҳам сўз эркинлиги, муқобил қарашларга кўп ҳам тоқат қилинавермайди.

Алмати ҳаво қўналғасидан то шаҳарга кириб келганингизга қадар, мамлакат раҳбари, миллат раҳнамоси Назарбоевнинг бир эмас, бир неча улкан расмлари савлат тўкиб турганини кўриш мумкин.

Давлат оммавий ахборот воситалари Назарбоев жанобларига ҳамду сано ўқишда Туркманистон ва Ўзбекистон матбуотида қолишмайди.

Аксарият оддий қозоғистонликлар учун эса Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ном ўлароқ ҳам ҳеч нарсани англатмайди.