Франция ва Олмония вакиллари Қирғизистон жанубида

Бернар Кушнер
Image caption Франса Қирғизистондаги ҳодисалар юзасидан халқаро текширувлар ўтказишни талаб қилган илк давлатлардан биридир

Франция ва Олмония ташқи ишлар вазирлари ўтган ой ҳалокатли этник низоларга саҳна бўлган Қирғизистон жанубига сафар қилишмоқда.

Айни шу пайтда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти қирғиз милициясини тайёргарликдан ўтказиш учун ўз полиция кучларини Қирғизистонга юбориш масаласини муҳокама этмоқда.

Аммо халқаро ҳамжамиятнинг иштироки шу каби кичик кўламдаги саъй-ҳаракатлар ва хавотирлар изҳор этиш билан чекланадими ёки ?..

Марказий Осиё бўйича Би-би-си таҳлилчиси Мальколм Ҳазлет ушбу саволга жавоб излашга ҳаракат қилади.

Гидо Вестервелле ва Бернар Кушнер аввалига июн ойидаги этник низолар маркази бўлган жанубий Ўш шаҳрига ташриф буюришади, кейин пойтахт Бишкекка ўтишади.

Икковлон яна қочқинлар жамлоқлари ва ёрдам марказларига ҳам ташриф буюришади.

АҚШ Президенти Барак Обаманинг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича махсус ёрдамчиси Майкл МакФаул ҳам яқиндагина қирғиз милиция кучларини тайёгарликдан ўтказиш учун 50 нафар халқаро полиция зобитини Ўш ва унга қўшни Жалол-Обод шаҳрига юбориш ғоясини қўллаб чиққанди.

Минтақадаги вазият барқарорлашиб бориши билан Ғарб давлатлари ҳам этник зўравонликларнинг оқибатларига жиддийроқ эътибор беришни бошлаган кўринишади. Россияни ҳам бундан бехабар деб бўлмайди.

Россия биринчилардан бўлиб муваққат қирғиз ҳукуматига инсонпарварлик ёрдами етказиш ва Қирғизистон жанубини қайта тиклашга кўмак бериш ваъдаси билан чиққанди.

Нефт ва газга бой қўшни Қозоғистон ҳам қайта тиклаш ишларида Қирғизистонга жиддийгина ёрдам беражагини айтганди.

Президент Нурсултон Назарбоевнинг шу ой бошида берган ваъдаси пуч эмаслигини исботлаш учун қозоқ мулозимлари пайшанба куни Бишкекка ҳам сафар қилишди.

Аммо Қозоғистон томони қўшин киритмаслигини очиқ-ойдин баён қилди. Расмий Остона буни биргина қозоқ аскарининг ўлими бутун минтақада этник зўравонликларнинг янги тўлқинини келтириб чиқариши мумкинлиги билан изоҳлади.

Энди эса, агар Қирғизистон лозим деб топса, хавфсизликни таъминлаш масаласида халқаро ҳамжамият кўмак кўрсатишга тайёрдек.

Россиядаги кўпчилик ўз тинчликни сақлаш кучларининг Қирғизистонга юборилишига жон дейишлари табиий. Чунки бу - Россияга "ўз таъсири доирасида" деб билган ҳудудда мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бироқ пайшанба куни "Комсомольская Правда" газетида чоп этилган мақолада бунинг учун камида 10.000 аскар кераклиги ва тинчликни сақлаш миссияси узоқ муддатли ҳамда мураккаб жараён бўлиши ҳақида ёзилганди.

Россия ташқарисида ҳам Москванинг минтақага бўлган қизиқиши унинг ўз манфаатларидан келиб чиқишига оид қарашлар йўқ эмас.

Аммо ўртага чиқаётган савол эса, Россия ёрдам бермаса, у ҳолда ким бера олишига оид.

АҚШ Бишкек яқинида жойлашган "Манас" аэропортидаги ҳаво базасини сақлаб қолмоқчи. Табиийки, минтақада Россия таъсирининг кучайишини хоҳламайди. Чунки уларга Россиянинг АҚШни "Манас"дан сиқиб чиқариш нияти яхши аён.

Кенгроқ олиб қаралганда, Ғарб ҳам Қирғизистонда илдизлари ҳали заиф эса-да, демократиянинг кенгроқ қулоч ёйишига руҳлантиришдан манфаатдор.

Қирғизистон минтақадаги бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, ҳозирча назарияда бўлса ҳам, ҳукуматнинг парламент шаклини қарор топтирмоқчи.

Аммо Ғарб Роза Ўтинбоева ва унинг муваққат ҳукуматига ҳақиқатда ёрдам бермоқчи бўлса, ўз хавотирларини изҳор этиш ёки 50 нафар полиция зобитини жўнатишдан кўпроқ иш қилиши лозим.