ОХҲТ Қирғизистондаги этник низолар юзасидан тергов ўтказади

Киммо Кильюнен

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотинининг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Киммо Кильюнен Қирғизистон жанубида юз берган этник низоларни ўрганувчи халқаро терговга бошчилик қилади.

Бу ҳақда қирғизистонлик расмийлар билдиришган.

Июн ойида қирғизлар ва ўзбеклар орасида келиб чиққан миллий низоларда юзлаб кишилар қурбон бўлган, минглаб инсонларга тан жароҳати етган ва кўплаб бинолар буткул вайрон бўлганди.

Қирғизистон раҳбари Роза Ўтинбоевадан ташқари кўплаб халқаро ташкилотлар ва Америка дохил бир қатор давлатлар вакиллари ҳам бундай даъват чиқишганди.

Ўтинбоева хонимга кўра, халқаро тергов, "Қирғизистон жанубида юз берган ҳодисаларнинг сабаблари юзасидан очиқ қолаётган барча нуқталарга ойдинлик киритиш учун лозим".

Қирғиз раҳбари бугун берган матбуот анжуманида, "бугун албатта халқаро тергов кераклиги, бу - ҳар икки томон сабоқ чиқаришга имкон берувчи хулосалар учун лозим"лигини айтган.

Жума куни Қирғизистонга Олмония ва Франция Ташқи ишлар вазирлари - Гидо Вестервелле ва Бернар Кушнерларнинг ҳам ташриф буюришлари кутилмоқда.

Икковлоннинг аввал миллий низолар келиб чиққан Ўш шаҳрида бўлишлари, сўнгра Бишкекка йўл солишлари айтилмоқда.

Уларнинг сафардан мақсади - Қирғизистондаги жорий вазият билан танишиш, қочқинларнинг шарт-шароитларини ўрганиш ва халқаро инсонпарварлик ёрдамлари тақсимотини текширишдир.

Оврўпо Иттифоқи Қирғизистон жанубига 5 млн.еврога тенг миқдорда ёрдам юборган. Олмония эса, тараққиёт дастури доирасида Қирғизистонга 33 миллион евро ажратган.

Гидо Вестервелле Қирғизистонга жўнаб кетмасида аввал расмий Бишкекнинг мамлакат аҳолисининг иқтисодий аҳволини яхшилаш ва жанубдаги этник гуруҳларни муросага келтириш саъй-ҳаракатларига ёрдам бериш мақсадида эканликларини баён қилганди.