Қирғиз омбудсмани халқаро полиция кучлари жойлаштирилишига қарши

Ўш шаҳри
Image caption Турсунбек Акунга кўра, ташқи кучлар Қирғизистон муаммоларини ҳал қилиб бермаслиги керак

Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Турсунбек Акун мамлакат жанубида халқаро полиция кучларининг жойлаштирилишига қарши чиққан.

Қирғизистоннинг бош инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига кўра, бу каби кучлар фуқароларнинг давлатга ишончини йўқотади.

Жаноб Акун Қирғизистон ўз муаммоларини ўзи, ташқи кучларнинг аралашувисиз ҳал қилиши кераклигини айтган.

Би-би-си Қирғиз омбудсмени билан боғланиб, халқаро полиция кучларининг нимаси ёмон, деб сўради.

Турсунбек Акун: Мен фақат Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг полиция кучлари жойлаштирилишига қарши чиқаётганим йўқ. Мен Ўш воқеалари пайтида халқаро тинчликни сақлаш кучлари киритилишига қарши чиқдим, ундан кейин Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Россия кучларининг киритилишига ҳам қарши чиққанман. Менинг назаримда, Қирғизистон халқи, фуқаролари ва қирғиз ҳукумати ўзининг ички муаммоларини ўзи ҳал қилиши керак. Қандайдир ташқи кучлар ҳал қилиб бериши керак эмас бу муаммоларни.

Би-би-си: Аммо ҳамма гап шундаки, Қирғизистоннинг ўзи бу муаммоларни ҳал қилишга қодир эмас, буни президент Ўтинбоева ҳам тан олаяпти?

Турсунбек Акун: Ҳал қилолмаяпти, деб айтиш нотўғри бўлади. Қанчалик қийин ва машаққатли бўлмасин, бизнинг ўзимиз ечишимиз керак ўз муаммоларимизни. Ахир биз мустақил, суверен давлатмиз, бизнинг байроғимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ҳилпираб турибди. Шунинг учун Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти бизга нима қилишни ўргатмаслиги керак. Агар халқаро полиция кучлари Қирғизистонга киритиладиган бўлса, ҳамманинг диққати ўшаларга қаратилади. Қирғизистон ҳукумати эмас, омбудсмани ёки қуролли кучлари эмас, балки ҳамма халқаро полицияга мурожаат қилишни бошлайди. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти шикоятлар билан мурожаат қиладиган идорага ўхшаб қолади. Ҳамма фуқаролар давлат идоралари қолиб, ўша ерга мурожаат қилишни бошлайдилар.

Би-би-си: Аммо фуқаролар, айниқса, жанубдаги ўзбек аҳолиси ҳозирнинг ўзида ҳам ёрдам сўраб, қирғиз милицияси ёки ҳокимият идораларига мурожаат қилаётгани йўқ. Уларнинг ишончи йўқолган. Президент Ўтинбоева ҳам фуқароларнинг милиция ва давлат идораларига ишончини қайта тиклаш керак, деяпти...

Турсунбек Акун: Лекин биз ҳам ўзимиз муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилаяпмиз, ахир. Нима, биз ўз муаммоларимизни ҳал қилолмас эканмизми? Қирғизлар ўз тарихида қанча фожиаларни бошидан кечирган. Ўзимиз ҳал қилиб келганмиз ҳаммасини. Нима, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотисиз яшай олмаймизми? Тўғри, бу ташкилот керак. Мен буни тан оламан. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистонда фуқаролик жамияти, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги борасида жуда кўп хизматларни қилган, биз буни тан оламиз. Бу ташкилот қиладиган ишлар кўп. Фақат полиция кучлари эмас. Ҳозирги вазиятда ташқи кучларнинг аралашуви менимча ўринсиз.

Би-би-си: Аммо Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар Қирғизистонга аллақачон ёрдам кўрсатишни бошлаган. Нима учун дейлик, инсонпарварлик ёрдами бериш мумкин-у, тартиб ўрнатишда ёрдам бериш мумкин эмас. Нима учун бу ташқаридан аралашув сифатида кўрилиши керак?

Турсунбек Акун: Ёрдам бераяпти, аммо полиция аралашишининг кераги йўқ. Гарчи қуролсиз бўлса ҳам. Бўлмаса яхшироқ. Бу ерда жуда кўп омиллар бор. Агар бу кучлар киритилса, Қирғизистон давлатининг ўзи ўз муаммоларини ҳал қилолмаган бўлиб чиқади, биз тўлақонли бўлмаган одамлардек худди. Биз мустақил давлатмиз, ахир. Бўлган воқеаларга қарамасдан, бизнинг донишманд, яхши халқимиз бор, оқсоқолларимиз, ёшларимиз бор, ватанпарвар фуқароларимиз бор. Анъаналаримиз, буюк "Манас"нинг руҳи бор қирғизларда.

Би-би-си: Аммо Қирғизистонда фақат қирғизлар эмас, ўзбеклар ҳам бор. Улар сизнинг милициянгиз ва армиянгизга ишонмайди, нима қилиш керак?

Турсунбек Акун: Мана бу ёмон нарса. Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти сабаб биз уларнинг ишончини қозонган тақдиримизда ҳам, бу ишонч бизнинг ўзимизники бўлмайди. Бу ишонч бизга бегона бўлади. Шунинг учун қанчалик қийин бўлмасин, бизнинг ўзимиз аҳолининг ишончини қозонишимиз керак. Кимдир талончилик қилган бўлса, ҳамма қирғизлар талончи, деб айтиш нотўғри бўлади. Бу миллатчилик ва ҳатто ватанпарварлик ҳам эмас. Бу синовдан ўтган бир фикр. Бу менинг фикрим. Мен омбудсмен сифатида ҳамиша ўз фикримни айтиб келганман ва шунинг учун душманларим ҳам оз эмас.