'Ўзбек ва қирғиз ҳукуматлари икки ўртадаги чегарани очишлари керак'

Image caption Ҳюман Райтс Вотчга кўра, зўравонликлар ортидан этник ўзбеклар асоссиз ҳибсларга юз тутишмоқда

Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон жанубидаги этник ўзбеклар Ўзбекистондан ҳимоя излашларига имкон яратиш учун икки мамлакат ҳукуматларини ўртадаги чегарани очишга чақирган.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистон чегара очилганидан сўнг бу ҳақда эълон қилиши ва БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлиги ҳамда бошқа ёрдам ташкилотларига мамлакатга ўтган қочқинларга ёрдам беришни сўраши лозим.

Қирғизистон жанубида кечган зўравонликлар ортидан Ўш шаҳридаги юзлаб ўзбеклар оилалари қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ва хавфсизлик хизматлари томонидан асоссиз ҳибсга олинмоқда, калтакланмоқда ва қийноқларга юз тутишмоқда.

Аммо, яқин ҳафталардан буён улар бир неча чақирим узоқда жойлашган Ўзбекистондан бошпана топишга муваффақ бўлолмаяптилар. Чунки, ҳар икки мамлакат ҳам чегарани ёпиб қўйган.

Таҳқирлаш амаллари ҳукуматнинг июн ойида кечган зўравонликлар бўйича текширув ишлари доирасида олиб борилмоқда. Ҳюман Райтс Вотч Қирғизистон ҳукуматини этник ўзбекларни нишонга олиш ва таҳқирлаш амалларига зудлик билан чек қўйилишини таъминлашга чақиради.

Ўзбекистондаги қочқинлар

Аввалроқ ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро ташкилотларга мурожаат этиб, Ўзбекистон ҳудудида қолаётган ва ҳануз Ўзбекистондан бошпана излаётган қирғизистонлик ўзбекларга ёрдам беришга чақирганлар. Инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаеванинг айтишича, бу қочқинларнинг сони бир неча юз киши ва уларнинг оқими ҳануз тўхтамаган.

Елена Урлаева: Бугун қирғизистонлик этник ўзбек қочқинларининг Андижон вилояти ҳудудида туришганига роппа-роса қирқ кун бўлди. Уларнинг сони бир неча юз кишини ташкил этади. Улар жуда ҳам оғир шароитларда танишлари, ҳатто, нотаниш одамларнинг уйларида, ертўлаларида яширинишга мажбурлар. Улар Ўзбекистон ҳукумати ўзларини чиқариб юборишидан хавотирдалар.

Би-би-си: Сизнинг ўзингиз бу қочқинларни кўрдингизми?

Елена Урлаева: Ҳа, мен Андижонга икки марта, ўн тўққизинчи ва йигирма еттинчи июн кунлари, яъни референдум куни сафар қилдим. Биз у ерда қиргизистонлик этник ўзбеклар раҳбарларидан бири билан қочқинларни бориб кўрдик. Мен бугун ҳам қочқинлар билан гаплашдим. Улар асосан, аёллар ва болалар, уларнинг орасида янги келаётганлар, кеча, бугун ўтиб келаётганлар ҳам бор. Уларнинг айримлари ноқонуний равишда Қозоғистон ва Россияга чиқиб кетишга ҳаракат қилишаяпти. Қозоғистондаги БМТнинг Қочқинлар идорасига бошпана сўраб мурожаат қилаётганлар ҳам бор. Учинчи давлатга кетиш истагида бўлганлар ҳам оз эмас. Улар ватанларига Қирғизистонга қайтиб боришдан қўрқишаяпти. Аммо, иккинчи томондан уларга ёрдам берадиган ташкилотлар йўқ. Чунки, бу қочқинлар расмий рўйхатдан ўтишмаган. Ҳозирча маҳаллий аҳоли, яқинлари, ўзбекларнинг ёрдами билан амал-тақал килиб туришибди. Уларнинг асосий хавотирлари, Қирғизистонга қайтариб юборилишлари хавфи. Баъзи қочқинларни ушлаб, Қирғизистонга қайтариб ҳам юборишган. Биз ҳозир бу қочқинларнинг номидан халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, уларни учинчи давлатга чиқариб юборишда ёрдам беришларини сўраяпмиз.