Қирғизистон жанубида юз берган зўравонликлар юзасидан халқаро текширувлар августда бошланади

Зўравонликларда уйи вайрон бўлган одам
Image caption Зўравонликлар бир неча юз кишининг умрига зомин бўлди, минглаб одамларни уйларини ташлаб кетишга мажбур қилди

Ўтган июн ойида Қирғизистон жанубида Ўш ва Жалол-Обод минтақаларида кечган қонли зўравонликлар юзасидан текширув олиб бориш учун ташкил этилган халқаро мустақил комиссия ўз ишини августда бошлашни режаламоқда. Натижалар эса, декабр ойигача тақдим этилиши лозим.

Бу ҳақда комиссияга раҳбар этиб тайинланган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Киммо Килюнен Бишкекда берган матбуот анжуманида маълум қилган. Унга кўра, комиссия мустақил текширувлар олиб боради. Би-би-си Киммо Килюненни суҳюатга тортиб, Бишкекка сафари тафсилотларини сўраган: Киммо Килюнен: Икки хафта аввал президент Ўтинбоева менга Қирғизистондаги ҳодисалар бўйича мустақил халқаро комиссия тузиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ваколат берганди. Ўшандан бери ўтган икки ҳафта мобайнида мен бу борада турли музокаралар олиб бордим ва ўз ишларим хусусида президентга ҳисобот бердим. Айни пайтда ишни давом эттириш юзасидан ундан розилик олдим.

Би-би-си: Демак, халкаро мустақил комиссия ўз текширувларини август ойида бошлайди, шундайми?

Киммо Килюнен: Ҳа, тўгри. Халқаро мустақил текширув комиссияси ва бошқа халқаро ташкилотлар бу борада умумий келишувга эришдилар. Ва биз аллақачон бир қатор ҳукуматлар билан маслаҳатлашдик. Улар ҳам комиссия ишини қўллаб-қувватлашга ваъда бердилар. Масалан, Финландия ва яна бир қатор шимолий мамлакатлар.

Би-би-си: Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар томонидан бу борада бирон келишмовчиликлар йўқми?

Киммо Килюнен: Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг асосий эътибори менинг билишимча, мамлакат жанубида халқаро полиция кучларини жойлаштириш бўлади. Ташкилотнинг ўзи халқаро мустакил текширув комиссияси фаолияти учун алоҳида мандат бераётгани йўқ. Лекин, аъзо мамлакатлар комиссия фаолиятини дастаклашмоқда.

Би-би-си: Ташкилотга раҳбарлик қилаётган мамлакатнинг бунга муносабати қандай?

Киммо Килюнен: Айтиб ўтганимдек ташкилот бизга алоҳида мандат бераётгани йўқ. Лекин аъзо давлатларнинг кўпи бизни ҳам молиявий ва ҳам сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Комиссияга мен ва Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича вакили раҳбарлик қиламиз. Комиссия таркибида, шунингдек, таниқли ва тажрибали халқаро мутахассислар, экспертлар, турли ташкилот вакиллари кирадилар.

Би-би-си: Комиссиянинг самарали фаолияти учун қандай қўллаб-қувватлов керак деб ўйлайсиз? Халқаро Полиция Маслаҳат Гуруҳи ёрдам бера оладими?

Киммо Килюнен: Фикримча, Полиция Маслаҳат Гуруҳининг дастаги у қадар муҳим эмас. Бизга ўта маҳоратли тадқиқотчи ва текширувчилар керак. Бундан ташқари молиявий ёрдамга ҳам эҳтиёжимиз бор. Албатта, молиявий ёрдам ваъдалари берилди, лекин бу ваъдаларни амалга ошириш лозим. Мен бу соҳада атиги икки ҳафтадан бери иш олиб бормоқдаман. Шунинг учун, ҳозирда кўп нарса ҳақида айтиш қийин, лекин вазифани амалга оширишни ортга суриб бўлмаслигини ҳам тушунамиз. Вазифа шу қадар муҳимки, унга шу заҳотиёқ киришилиши лозим. Ҳозирда режа шундайки, август ойи давомида комиссия аъзоларининг дастлабки мажлислари бўлиб ўтади ва хулосалар декабр ойига қадар тақдим этилиши керак.

Би-би-си: Шу кунларда ҳодисалар бошланганига қирқ кун тўлди, ана шу муддатдан сўнг у ердаги сиёсий вазиятни қандай баҳолаган бўлар эдингиз?

Киммо Килюнен: Ҳа, ҳодисалар қирқ кун аввал бошланиб кетганди, аммо, афсуски, халқаро ҳамжамият бу каби вазиятларда керак бўлганидек зудлик билан амал қила олмади. Биз бундан кўп сабоқ чиқаришимиз керак. Албатта, инсонпарварлик ёрдамини етказиш ишлари бошланди, қочқинларнинг аксари уйларига қайтдилар. Лекин, вазият қалтис ва танглигича қолмоқда. Бу муаммоларни биз яхши тушунамиз. Лекин, халқаро ҳамжамият амал қилиш ва муносабат билдиришда сусткашлик қилгани ҳаққоний фактдир.

Би-би-си: Аҳмад Бакиев каби шахсларнинг ҳибсга олиниши ҳодисалар ҳақида тўлиқроқ маълумот олишга ёрдам беради, деб ўйлайсизми?

Киммо Килюнен: Бу каби саволларга ҳозирча жавоб бериш қийин. Мен жорий босқичда ҳеч қандай номларни тилга олмоқчи эмасман. Лекин, фаолиятимиз жараёнида номлар ҳақида ҳам аниқ бўлишга ҳаракат қиламиз. Келинг, халқаро текширув гуруҳи ишини йўлга солиб олайлик. Албатта, биз бу борада тузилган миллий комиссия билан ҳам ҳамкорлик қиламиз.