ОХҲТ Қирғизистон жанубида ўз полиция кучларини жойлаштириш режасини маъқуллаган

ОХҲТга аъз давлатлар байроқлари
Image caption ОХҲТ полиция кучлари қуролсиз бўлишади

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Қирғизистон жанубига 52 нафар қуролсиз полиция кучларини жўнатиш бўйича режани маъқуллаган.

Қирғизистон билан келишувга мувофиқ Полиция Маслаҳат Гуруҳи деб номланган ҳайъат мамлакат жанубидаги вазиятни кузатиб боради ва қирғиз ҳамкасбларига тартибни тиклашда ёрдам беради.

Қирғизистонга полиция маслаҳатчиларини йўллаш борасидаги таклиф ўтган ҳафта ОХҲТ Ташқи ишлар вазирлари саммитида ўртага ташланганди. Пайшанба куни Венадаги доимий кенгаш илк гуруҳнинг "ҳеч бир кечикишларсиз" Қирғизистон жанубида жойлаштириш борасида қарор қабул қилган. Полиция Маслаҳат Гуруҳи амалиётлар бошланганидан бошлаб тўрт ой Қирғизистонда қолади.

Ушбу муддат Қирғизистон ва ОХҲТ Кенгаши ўртасидаги келишув асосида узайтирилиши мумкин.

Ўтган ой Қирғизистон жанубида қирғизлар ва ўзбеклар орасида юз берган этник зўравонликларда юзлаб кишилар қурбон бўлган ва минглаб одамлар бошпаналаридан айрилган.

Қирғизистонда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо Россия ва Қўшма Штатларнинг ҳарбий базалари жойлашган. "Манас" ҳаво базаси Афғонистондаги амалиётлар учун ўта муҳим транзит ва ёқилғи қуйиш нуқтасидир.

56 доимий аъзога эга Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига ҳозир Қозоғистон раислик қилмоқда.

Қирғиз ёшлар ташкилотлари мамлакат жанубида ОХҲТ кучлари жойлаштирилишига қарши

"Акшумкар-Кут" ёшлар ҳаракати, ёш меъморлар ва Кураандар халқ ёшлар ҳаракати Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти полиция кучларининг мамлакат жанубида жойлаштирилишига қарши норозилик чиқиши уюштиришган.

Норозилик намойиши Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Бишкекдаги идораси ва Олий Кенгаш биноси яқинида ташкиллаштирилган.

Хабарларга кўра, намойишда 200дан ортиқ ёшлар иштирок этишган.

Норозилик қатнашчилари "Қирғизистон жанубидаги вазият Косово ва Жанубий Осетиядаги каби ривожланишига қарши" эканларини айтишган.

Улар "Биз Косово сценарийсига қаршимиз", "ОХҲТ полицияси-ташқи хавф" ва "Ёшлар ОХҲТ полиция зобитларига қарши" каби шиорларни кўтариб олишган.

Мухбиримизнинг хабар беришича, норозилик билдираётган ёшлар "Қирғизистонга келган полиция ходимларидан бирон нафари ўлдирилган ва ё жароҳатланган тақдирда вазият янада кескин тус олиши" эҳтимолидан хавотир билдиришган.

Айни пайтда улар ўз мавқеларини муваққат президент Роза Ўтинбоева номига йўлланган мактубларида ҳам билдиришган.

Қирғизистондаги баъзи қаршиликларга қарамай, ОХҲТ полиция кучларини мамлакат жанубига йўллаш қарори презизент Роза Ўтинбоева томонидан хушқаршиланган.