Покистон Толибони учувчисиз учоқлар ҳужумларидан зарар кўраётганини тан олди

Покистондаги Толибон ҳаракати Американинг учувчисиз учоқлари воситасида амалга ошираётган ҳужумларидан зарар кўраётганини эътироф этган.

Би-би-сининг Урду хизмати томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, бу каби ҳужумлар Барак Обама қудратга келганидан бери уч баробар кўпайган.

Қўшма Штатлар расмийлари Покистон осмони узра парвоз қиладиган ушбу учувчисиз учоқлар "уруш тарихидаги нишонни энг аниқ оладиган қурол тизими" эканини айтишади.

Учувчисиз учоқларнинг қанчалар самара бераётгани ҳақида ҳақида турли баҳслар келиб чиққан.

Аммо Толибон Би-би-сига гапираркан, мазкур ҳужумлар уларнинг фаолиятларига таъсир қилганини тан олди.

Бироқ, дейди улар, Толиблар барибир урушда ғалаба қозонади.

Шимолий Вазиристондаги Толибон раҳбарларидан бири Муфти Ҳолид ҳаракат ўз хавфсизлик чораларини кучайтирганини айтади.

"Биз катта зиён кўраяпмиз, аммо бегуноҳ инсонлар ўлимидан афсусдамиз. Натижада биз ўз хавфсизлигимизни кучайтирдик. Толибон ҳеч кимни кўздан қочиргани йўқ. Ҳаммага - ўз одамларига ҳам ва бошқаларга ҳам ҳушёр турибди. Ҳар бир киши, айниқса, ҳарбий жамлоқлар ва ё ҳукумат идораларига борадиган одамлар кузатилмоқда", дейди Толибон раҳбари.

Шимолий Вазиристондан Пешоварга келган тиббиёт талабаси Саиднинг айтишича, АҚШнинг учувчисиз учоқлари кўпроқ хорижий исёнкорларни нишонга олади.

Бироқ Покистоннинг Афғонистонга чегарадош ҳудудларининг аксари қавмлар назорати остидаги ҳудудлар бўлиб, бу минтақаларга журналистлар бора олмасликлари боис, у ерларда аслида нималар юз бераётганини аниқлаш қийин.

Сўнгги ўрганиш хулосаларига кўра, минтақа аҳолисининг аксари учувчисиз учоқлар отган ракеталарда ҳалок бўлганлар оддий халқ эмас, балки қуролли исёнчилар бўлганига ишонади.

Аммо бу аҳолининг учувчисиз учоқлар ҳужумларини қўллаб-қувватлаишини англатмайди.

Айрим кузатувчиларга кўра, учувчисиз учоқлар ҳужумлари салбий оқибатларни келтириб чиқарган.

Би-би-си Урду хизмати тадқиқотларига кўра, учувчисиз учоқлар ҳужумлари ўтган 18 ой асносида мисли кўрилмаган даражада кўпайган ва 700 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган.

Америкаликлар 20 нафарга яқин одам оддий фуқаролар бўлганини айтишади.

Аммо маҳаллий одамлар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бу рақамлар айтилаётганидан анча баланд эканини айтишади.