'Россия Қирғизистонга ички ва ташқи таҳдидларни бартараф этишда кўмаклашишга тайёр'

Бишкекда республика раҳбарияти, сиёсий партиялар етакчилари билан учрашган Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасиннинг айтишича, Россия Қирғизистонга ички ва ташқи таҳдидларни бартараф этишда кўмаклашишга тайёр.

Россия Ташқи ишлар вазири сўзларига кўра, Қирғиз расмийлари билан мулоқотларининг асосий мавзуси Қирғизистонда экстремист ва террорчи ташкилотлар фаолиятига доир хавотирли хабарлар бўлган.

Григорий Карасин ўз учрашувлари натижасида Қирғизистоннинг куч тизимлари аксилтеррор амалиётларига доим тайёр турганига ишонч ҳосил қилганини билдирган.

Шу билан бирга, Қирғизистон ички ва ташқи хавфсизлик масалаларида ҳар доим Россия кўмагига ишониши мумкин, деган Россия ташқи сиёсат идораси расмийси.

Россия оммавий ахборот воситаларига кўра, Григорий Карасин Қирғизистонда мўлжалланган парламент сайловлари олдидан мамлакатдаги етакчи сиёсий партиялар раҳбарлари билан ҳам учрашган.

Жаноб Карасин сўзларига кўра, Россия Қирғизистондаги барча сиёсий ташкилотлар билан ҳамкорликка тайёрдир.

"Биз ривожланган ва барқарор республикадан, мамлакатда демократик тараққиёт таъминланишидан манфаатдормиз", дея Россия Ташқи ишлар вазири сўзларидан иқтибос келтирган Россиянинг давлат назоратидаги ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги.

Россиялик дипломат сўзларига кўра, Москва Қирғизистонга кўмак кўрсатишда давом этади.

Григорий Карасин айтишича, Россия аллақачон Қирғизистонга 20 миллион долларлик ёрдам кўрсатган ва яна 10 миллион АҚШ доллари ажратишга қарор қилган.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари айтишича, шу йил апрели ва июнидаги ҳодисалар оқибатида Қирғизистон иқтисодига 830 миллион долларлик зарар етказилган.

Қирғиз расмийларининг Россиядан 30 миллион долларлик фоизсиз кредит олиш сўрови юзасидан музокаралар олиб борилаётгани хабар қилинган.

Бишкекда Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Нуртай Абикаев билан учрашган Қирғиз Бош вазири ўринбосари Амангелди Муралиев, Қирғизистон икки биродар мамлакатлар - Россия ва Қозоғистон ёрдамларига муҳтож, деб айтган.