'Қирғизистондаги сўнгги зўравонликлар АҚШни ўйлантириши шарт'

The Heritage Foundation нашрининг ёзишича, Қирғизистонда ўтган яқин ойлар ичида юз берган тартибсизликлар Американинг мамлакатдаги ҳозирлигини хавф остига қўймоқда.

Америка нашрига кўра, Қирғизистондаги ички келишмовчиликлар ва Россиянинг минтақада ортиб бораётган таъсири америкалик ҳарбийларни хавотирга солиши шартдир.

Нашр Қирғизистоннинг Марказий Осиёдаги энг қашшоқ ва беқарор давлатлардан бири эканига алоҳида эътибор қаратади.

Унда ёзилишича, Фарғона водийсидаги ўзбекларнинг каттагина қисми яшаган мамлакат айримлари исломий жангарилар, наркобаронлар ва собиқ қирғиз президенти Бакиев кланига алоқаси бўлган яккаҳоким шахслар ва қашшоқликни бартараф этишга қодир бўлмаётир.

Ўтган июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган этник зўравонликларга минтақа 1990 йилдан буён гувоҳ бўлмаганди.

Бир неча кунлик қирғинда юзлаб кишилар қурбон бўлган, яна юз минглаб бошқалари ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишганди.

Россия омили

Нашрнинг ёзишича, АҚШ Президенти Барак Обама муваққат қирғиз ҳукуматининг ҳарбий ёрдамга оид сўровини рад этиш билан Москванинг мавқеини янада мустаҳкамлаган ва этник низоларнинг маркази бўлган Ўш шаҳрида иккинчи ҳарбий базасини очишга оид мубоҳасаларни қайта жонлантирган.

Мақолада бу каби базанинг жосуслик маълумотларини тўплашга хизмат қилишдан ташқари, исломий экстремистларнинг жиғига тегувчи манбага айланиши эҳтимоли ҳақида сўз боради.

Ва Россиянинг нафақат Қирғизистон, балки бутун Марказий Осиёдаги таъсирини мислсиз оширишига мумкинлигига диққат қилади.

Айни ўринда Россияни "Манас" базасини ёқилғи билан таъминловчи асосий таъминотчига айлантириши мумкин бўлган битим юзасидан ҳам хавотирлар изҳор этади.

Мақолада ёзилишича, мазкур келишув АҚШнинг Афғонистондаги муҳим ҳарбий амалиётларининг тақдирини расмий Москванинг қўлига бериб қўяди.

Нашрга кўра, Москванинг якуний мақсади - Американинг минтақадаги ҳозирлигини ўз шартлари асосида ушлаб туриш ва ёки уларни бутунлай минтақадан сиқиб чиқаришдир.

Америка Афғонистон урушини ўз фойдасига ҳал этишни истайди. Расмий Вашингтоннинг ушбу ҳаракатларида эса, Қирғизистондаги "Манас" базаси муҳим ўрин тутади.

Мақолада келтирилган маълумотларга кўра, ҳар ой "Манас" орқали 500 тоннага яқин юк ва 15.000 ҳарбий Афғонистонга бориб, қайтади.

Нашрнинг ёзишича, жанубий минтақаларидаги миллатлараро низоларга эътибор қаратиш ва давлатлараро наркотраффик билан шуғулланувчи террорчи тармоқларнинг фаолиятига чек қўйишга кўмак бериш билан Қирғизистонда демократик давлат барпо этиш ва Американинг "Манас"даги ҳозирлигини сақлаб қолиш мумкин бўлади.