Халқаро полиция гуруҳига қарши норозилик ОХҲТни ҳавотирга соладими?

Image caption ОХҲТга раислик қилаётган Қозоғистон вакили Қирғизистон жанубига киртилажак халқаро полиция маслаҳат гуруҳи ҳақидаги қарор якдиллик билан қабул қилинганлигини билдирди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилаётган Қозоғистон Қирғизистон жанубига киритилажак халқаро полиция масалаҳат гуруҳига қарши билдирилаётган норозилик гуруҳ фаолиятига таъсир қилмаслигига умид билдирди.

Қозоғистон раислиги матбуот котиби Роман Василенконинг Би-би-сига айтишича, халқаро полциячилар ҳеч қандай хавф туғдирмайдилар ва уларнинг вазифаси фақатгина маҳаллий милицияга ёрдам ва маслаҳат беришдан иборатдир. Жаноб Василенкога кўра, маҳаллий тил, менталит ва маданиятни яхши тушунган полициячиларни ҳозирда ушбу гуруҳ таркибига танлаб олиш жараёни кечмоқда.

Лекин жорий норозиликлар Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотини не қадар хавотирга солади?

Роман Василенконинг айтишича, Қирғизистонда ҳозирда изҳор этилаётган норозиликлар полиция маслаҳат гуруҳининг вазифасини яхши тушуниб етмаслик туфайли келиб чиқмоқда.

Роман Василенко: Бу ерда мен бир неча нуқтага эътиборни қаратмоқчиман. Биринчидан, минтақага полиция ёда бошқа турдаги кучларни келтириш таклифи Қирғизистон рамсийлари томонидан янгради ва бу таклиф мамлакат президенти Роза Ўтинбаева ва ҳукумат томонидан қизғин ташаббус билан қўллаб-қувватланди. Иккинчидан, асосий вазифаси Қирғизистон милициясини мониторинг қилиш ва маслаҳат бериш бўлган полиция гуруҳининг киритилиши ҳақидаги қарор Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик кенгаши аъзоларининг якдиллик билан берган овозлари асосида олинди. Бу дегани Қирғизистон ҳукумати ҳам бу қарорни қўллаганидир.

Би-би-си: Ташкилотда бу борада якдиллик бордир, лекин кўринишича Қирғизистон жамиятининг ўзида якдиллик йўқ. Ёшлар гуруҳларидан ташқари бир қатор нуфузли сиёсатчилар, жумладан Ўш шаҳар ҳокими ва Мудофаа Вазири вазифасини ўтовчилар ҳам бу каби полиция гуруҳининг киритилишига қарши кўринадилар, муаммо шунда эмасми?

Роман Василенко: Мен умид қиламанки, улар ҳам музокаралар натижасида бу полиция гуруҳига берилган мандат тафсилотларига эътибор қаратадилар. Улар маҳаллий милицияга ўз фаолиятларида холисликка эришишлари учунгина ёрдам берадилар. Шу жиҳатдан бизнинг ишонишимизча, халқаро полиция кучларининг киритилиши ўз вақтида қилинаётган ва жуда фойдали ишдир. Биз умид қиламиз бу амал милиция кучларига ҳам қирғиз ва ҳам ўзбек этник жамолари томонидан ишончни тиклашда ёрдам беради.

Би-би-си: ҚИрғизистонда миллатчи руҳ билан суғорилган сиёсатчилар гуруҳи борлиги ва улар бу амални Қирғизистон суверинететига мудохала ва қирғиз менталитетига мос бўлмаган, дея баҳолаётган кўринадилар, шундай эмасми?

Роман Василенко: Мен Қирғизистон Омбудсмани билан бирга бир давра суҳбатида қатнашган эдим. У ҳам менга "биз ғурурли одамлармиз, бу каби хорижий кучларнинг юртимизга кириб келишларига қараб тура олмаймиз", деб айтганди. Мен ўшанда айтдимки, ва ҳозир ҳам қайтараман, албатта қирғиз халқи ҳудди бошқа ҳамма халқлар каби ғурурли халқ, ва Қирғизистон байроғи қатор халқаро ташкилотларда ғурур билан кўтарилган. Мен умид қиламанки, ҳозирда норозилик изҳор этаётганлар полиция маслаҳат гуруҳининг аниқ вазифаларига эътибор қаратиб, ўз фикрларини ўзгартирадилар. Бу гуруҳ у ерга ўз йўриқларини ўтказиш учун эмас, ёрдам ва маслаҳат бериш учун бормоқда.