Тожикистонда "Ҳезбут Таҳрир"га аъзо кўрилган 10 киши устидан ҳукм ўқилди

Image caption Шимолий Тожикистонда "Ҳизбут таҳрир" ноқонунуий диний сиёсий фирқасига аъзоликда айбланган 10 киши 3 йилдан 15 йилга қадар қамоқ жазоси белгиланди.

Шимолий Тожикистонда "Ҳизбут таҳрир" ноқонунуий диний сиёсий фирқасига аъзоликда айбланган 10 киши устидан ҳукм ўқилди.

Хўжанд шаҳар маҳкамасидан билдиришларича маҳкум этилганлардан уч киши олдин ҳам "Ҳизбут Таҳрир" ғояларини тарқатишда айбланиб жазога тортилганди.

Айни бир пайтда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот мулозимлари кенг тушунтириш ишлари боис "Ҳизбут Таҳрир" фаолияти олдинги йилларга нисбатан сезиларли даражада сусайганини даъво қилишмоқда.

Қатор таҳлилчилар эса, "Ҳизбут Таҳрир" янада яширинроқ равишда фаолият юргизишга ўтган, дея ҳисоблайдилар.

Маҳкамага тортилганларнинг ҳар бирига Тожикистон Жиноий Кодексининг учтадан олтитага қадар моддаси асосида айбловлар қўйилди.

Бу айбловлар орасида жиноий гуруҳга аъзо бўлиш, мавжуд қонуний ҳукуматни ағдаришга даъват, экстремистик ташкилотга аъзо бўлиш каби айблар бор.

Тожикистонда фаолияти таъқиқланган "Ҳизбут Таҳрир"га мансубликда айбланганлар 3 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилдилар.

Жумладан, олдин ҳам мазкур ҳизб ғояларини тарқатишда айбланиб, қамоқ жазосини ўтаб қайтган Жамшид Дадабоев 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Маҳкамага тортилганлар ёши 20 ёшдан 70 ёш орасида эди. Улар Хўжанд ва унинг атрофидаги Бобожон Ғафуров туманида яшайдиган кишилар бўлиб, 70 ёшдан ўтган Шарифжон Дадабоев 3 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Маҳкамага тортилганлар ўзларига қўйилган айбларни асосан рад этиб, қисман тан олишган.

Ҳимоячилардан бирининг айтишича, маҳкама жараёнида айбланувчиларга қўйилган айблар тўлиқ исботланмаган.

Айбланувчилар эса ўзларининг имонни мустаҳкамлаш, диний билимларини ошириш учун интилганликларини айтишган.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот мулозимлари охирги вақтларда ноқонунуий диний ҳаркатлар томонидан ошкора варақа тарқатишлар ва жамоат жойларида ўз сафларига даъват этиш ҳоллари кўринмаётгани таъкидлайдилар.

Лекин "Ҳизбут Таҳрир"га мансубликда айбланиб, жазога тортилаётган кишилар яқинларининг айтишларича, узоқ муддатли жазоларнинг берилиши ва тергов давомидаги қийноқлар боис "Ҳизбут таҳрир" иложи борича яширин фаолият юритишни маъқул кўрмоқда.

Бундан бир ой олдин ҳам Хўжандда 4 киши маҳкамага тортилиб, улардан ҳам уч нафари "Ҳизбут Таҳрир" фаоллари сифатида аллақачон қамоқ жазосини ўтаб келган шахслар эдилар.