'ОХҲТ Қирғизистон марказий ҳукумати билан ишлайди'

Ўш шаҳар кенгаши депутатларининг ОХҲТ қуролсиз полициячиларини жойлаштиришга қарши чиқарган қарорига муносабат билдираркан, халқаро ташкилот вакили бу борада Қирғизистон марказий ҳукумати билан ҳамкорликда ишлаётганларини билдирди.

30 июл куни Ўш шаҳар кенгаши аъзолари халқаро Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг полиция маслаҳат кучларининг киритилишига қарши овоз беришган.

Шу вақтгача Ўшда халқаро полициячиларнинг киритилишига қарши қатор намойишлар ҳам бўлиб ўтган.

Айни пайтда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистон жанубига жўнатилажак полиция гуруҳи раҳбари этиб швециялик Нут Дрейер тайинланганлигини маълум қилди.

Нут Дрейер 2007-2008 йилларда Қирғизистон милициясини ислоҳ қилиш амалиётларида маслаҳатчи бўлган.

Ўш шаҳрига борган Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кучларини жойлаштириш зарурлигини таъкидлаган.

Маҳаллий ёшлар ташкилотлари вакиллари билан мулоқотда Роза Ўтинбоева, "биз инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият ҳисобланадиган демократик давлат барпо этишни истаймиз ва шунинг учун ҳам биз ҳар бир Қирғизистон фуқаросининг ҳуқуқини ҳурмат қилишимиз керак", деб айтган.

Ўтинбоева хоним Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг кучлари "мамлакат жанубидаги вазиятни барқарорлаштиришда маслаҳат ёрдамларини беришини" айтган.

Би-би-си Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг матбуот котиби ўринбосари Фран Мароевич билан боғланиб, Ўш шаҳар кенгаши қарори халқаро полиция кучларини киритиш жараёнига таъсир кўрсатадими, дея сўради.

Фран Мароевич: Биз бу ҳақда ахборот олдик. Лекин шуни ойдинлаштирмоқчиманки, биз Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг полиция маслаҳат кучларининг жойлаштирилишига тайёргарлик кўришни давом эттирамиз, чунки бизни марказий ҳукумат таклиф этган. Бу борада Қирғиз ҳукумати ва ташкилотимиз ўртасидаги расмий музокаралар бўлиб ўтган. Қирғизистон ҳукумати Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик кучларининг полиция кучларини жойлаштириш жараёнини давом эттиришни сўраб расмий мактублар юборган. Ва биз бу борада Қирғиз хукумати билан мунтазам мулоқотдамиз.

Би-би-си: Лекин Ўш шаҳар кенгаши депутатлари полиция кучларини жойлаштиришни рад этганларидан олдин ёшлар ташкил этган норозилик намойишлари бўлиб ўтган, ҳозирда эса бунга ўшлик маҳаллий депутатлар ҳам қўшилдилар. Назарингизда бу норозиликларнинг миқёси кенгайиб, жиддийлашиб кетмаяптими? Яъни, бу яқин келажакдаги вазиятни кескинлаштирмайдими?

Фран Мароевич: Бизнинг мақсадимиз вазиятни тинчлантириш ва барқарлаштиришга қаратилган. Ва бу жиҳатдан биз Қирғизистон ҳукумати билан ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз. Биз Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташиклотида фақат ҳукуматнинг розилиги билан иш тутишимиз мумкин. Биз марказий ҳукумат мулозимлари билан доим боғланиб турибмиз, уларнинг мавқеи қандай эканини суриштиряпмиз. Биз уларнинг мавқеи ўзгарганми ёки ўзгармаганми деб сўраяпмиз, бу давомий жараён ва биз улар билан мулоқотдамиз.