БМТ: 'Ўшдаги ўзбеклар қўрқув ичида яшамоқда'

Ўшга сафар қилган Бирлашган Миллатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мулозими у ердаги ўзбек аҳолисининг ҳануз қўрқув ичида яшаётганини айтган.

Би-би-сига гапирган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарининг ўринбосари Кюн ва Канга кўра, ўзбеклар давлат идоралари, ҳатто шифохонага ҳам мурожаат қилишдан қўрқишади ва ўзларини камситилган ҳис қиладилар.

Кюн хоним қирғиз хавфсизлик кучлари жабрдийда аҳолининг хавфсизлигини таъминламаётганини афсусланарли ҳол, деб тасвирлади.

Унга кўра, Қирғизистон жанубидаги ҳар қандай қайта қуриш жараёнлари инсон ҳуқуқлари тамойилларига асосланган ҳолда олиб борилиши керак.

Би-би-си Кюн ва Кандан Қирғизистонга сафари тафсилотлари ҳақида сўраган.

Кюн ва Кан: Мен Бишкекда ўтган юқори даражадаги донорлар анжуманида Бирлашган Миллатларнинг ҳайъати таркибида иштирок этдим. Қирғиз ҳукуматидан бу анжуманда Президентнинг ўзи қатнашди. Бизнинг қирғиз ҳукуматига айтган нарсамиз шу бўлдики, июн ойида мамлакат жанубида юз берган зўравонликлардан сўнг, ҳар қандай қайта қуриш, қайта тикланиш ва миллий ярашув жараёнлари инсон ҳуқуқлари тамойилларига таянган ҳолда, олиб борилиши керак.

Би-би-си: Бизга маълум бўлишича, сиз Ўшга ўз ташаббусингиз билан сафар қилган экансиз, шундайми? Сиз у ерда кимлар билан учрашдингиз, нималарни кўрдингиз?

Image caption Кюн хоним қирғиз хавфсизлик кучлари ўзбекларни ҳимоя қилмаётганидан таассуф билдирди

Кюн ва Кан: Ҳа. Мен Ўшда жуда қисқа муддат бўлдим ва у ердаги бутунлай вайрон бўлган ўзбек маҳаллаларидан бирини бориб кўрдим ва БМТнинг қочқинлар агентлиги қуриб берган чодирларда яшаётган маҳалла аҳли билан гаплашдим. Мен шунингдек, бу одамларга ёрдам бераётган фуқаро жамияти фаоллари ҳамда зўравонликлардан жабр кўрган одамларнинг хавфсизлиги учун масъул хавфсизлик зобитлари билан суҳбатда бўлдим. Афсуски, уларнинг хавфсизликни таъминлаётганини кўрганим йўқ.

Би-би-си: Сизга Ўшда қирғиз расмийлари ҳамроҳлик қилишдими?

Кюн ва Кан: Протокол талабидан келиб чиқиб, қирғиз ташқи ишлар вазирлиги мулозимлари бизга турли расмий учрашувларда ҳамроҳлик қилишди. Аммо фуқаро жамияти вакиллари билан учрашган пайтимиз, биз принцип ўлароқ, улардан бизга ҳамроҳлик қилмасликни сўрадик.

Би-би-си: Ўшдаги ўзбеклар сизга нималарни гапириб беришди?

Кюн ва Кан: Бу чодирлардаги жабрдийдалар қўрқув ичида яшашмоқда. Улар яқинларидан, бор-бутларидан ажралишган. Шунга қарамай, улар давлат идоралари, прокуратура, фавқулодда вазиятлар учун масъул мулозимлар ёки шифохоналарга ҳам мурожаат қилишга қўрқадилар. Улар ўзларини камситилаётган ҳисоблашади. Улар ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган ва ноинсоний муомалага тутилган ҳолатлар ҳақида гапиришди.

Би-би-си: Сиз Ўшда қирғиз аҳолиси вакиллари билан ҳам учрашдингизми?

Кюн ва Кан: Ушбу этник зўравонликлар билан боғлиқ қирғиз томони вакиллари билан учрашишга менинг вақтим бўлгани йўқ. Аммо вақтим бўлганида албатта, учрашган бўлардим.

Би-би-си: Сиз миллий ярашув жараёни кечаётганига гувоҳ бўлдингизми? Унинг бирон белгисини кўрдингизми?

Кюн ва Кан: Миллий ярашувнинг бирон белгисини топиш жуда қийин. Ёрдам учун борган халқаро ҳамжамият кўмак ва қайта тикланиш амалиётларига комплекс ёндашишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, Юнисеф ташкилоти болалар учун би рнеча марказлар ташкил қилган. У ерда ҳар икки жамоа- ўзбеклар ва қирғизлардан яқинларини йўқотган ва бошпанага муҳтож болаларни бир ерда тўплашган. Бу-халқаро ҳамжамият томонидан қилинаётган саъй-ҳаракат. Аммо мен қирғиз томони бу борада кўп нарса қилаётганини кўрганим йўқ.

Би-би-си: Ҳозирда халқаро текширув ҳақида кўп гапирилаяпти. Қирғиз ҳукумати уни қанчалик дастаклайди, деб ўйлайсиз?

Кюн ва Кан: Менинг назаримда, халқаро текширув жуда муҳим. Бу икки жамоа ўртасидаги этник танглик янги бир кўриниш эмас. 1990-йиллар бошида ҳам зўравон тўқнашувлар юз берган эди. Аммо унинг сабабларини ўрганиш, жавобгарларни топиш ва жазолаш учун ҳеч нарса қилингани йўқ. Сўнгги тўқнашувлар бир маънода ана шунинг натижаси. Ҳар томонлама ва холис халқаро текширув милилй ярашув жараёни учун жуда муҳим.

Би-би-си: Сиз қирғиз расмийларига ҳам худди шундай деб айтдингизми?

Кюн ва Кан: Биз бошидан мустақил халқаро текширув ўтказилиши кераклигини айтиб келаяпмиз. Қирғиз ҳукумати Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг бу борадаги ташаббусини қўллаб-қувватлади. Аммо биз унинг қандай шакл-шамойил олаётганини хали кўришимиз керак. Биз ўтмишда бу каби текширувларни олиб борган бир идора сифатида ўз тажрибамизни ўртоқлашишга тайёрмиз.