Ҳолландия қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетмоқда

1 августда Ҳолландия ўз қўшинларининг Афғонистондаги НАТО кучлари таркибидаги тўрт йиллик иштирокини якунлаган.

Шу йиллар давомида қарийб 2 минг ҳолланд аскари Афғонистондаги НАТО қўшинлари таркибидаги энг самарали хорижий қўшинлардан деб кўрилган.

Ҳолландия қўшинларининг Афғонистондаги қўмондони генерал Петер ван Ум сўзларига кўра, ўзларининг қўшинлари Ўрузгон вилоятида жойлаштирилганидан буён у ерда хавфсизлик вазиятини яхшиланган.

Аммо ҳали кўп иш қилиниши лозимлигини тан олган генерал Петер ван Ум.

Якшанба куни Ҳолландия аскарлари ўз мамлакатлари байроқларини тушириш, яъни қўмондонликни алмаштириш маросимида иштирок этишган - Ўрузгонда хавфсизликн таъминлаш энди АҚШ ва Австралия ҳарбийлари ихтиёрига топширилган.

НАТО расмийлари Ҳолландия қўшинлари олиб чиқилиши аҳамиятини пасайтириш истагида бўлсалар-да, мухбирларга кўра, бу воқеа иттифоқ қўшинлари учун Афғонистонда талофотлар ортаётган, бу мамлакат бўйича ишлаб чиқилган стратегиянинг самараси борасидаги янги шубҳа-гумонлар юзага чиққан ва Wikileak веб-саҳифасида Афғонистондаги тинч фуқаролар ўлими ҳақидаги ҳарбийлар ҳисоботларининг эълон қилинишидек мураккаб вақтга тўғри келган.

Ҳолландия ҳарбийлари йил охиригача Афғонистонда ўзларининг бир неча ҳарбий қирувчи учоғи ва тикучарлари қолишини маълум қилишган.

НАТО Ҳолландиядан ўзининг Афғонистондаги миссиясини давом эттиришни сўраган, бироқ бу борада ҳолланд жамиятида келиб чиққан ва шу йил февралида коалицион ҳукуматнинг қудратдан кетказилишига сабаблардан бири бўлиб хизмат қилган.

Бу янгилик бошқа Оврўпо мамлакатлари, хусусан, жамоатчиликнинг урушга қарши кайфияти тобора кучайиб бораётган Олмония раҳбариятини ларзага солди.

Ҳолландиянинг Афғонистондаги фаолияти самарали деб кўрилиши асосий сабабларидан бири - Ҳолландия Ўрузгон вилоятида уч йўналишда фаолият олиб бориб муваффақиятга эришган биринчи хорижий мамлакат бўлди.

Ҳолландия қўшинлари Толибон аъзоларига қарши жанговор амалиётлар олиб бориш билан бирга маҳаллий қавмлар оқсоқоллари билан яқин муносабатлар ўрнатишди.

Шу билан бирга ҳолландлар маҳаллий ривожланиш дастурларига ҳам ҳисса қўшиб келишди.

"Биз аҳолининг аксариятига хавфсиз ҳаёт шароитини таъминладик, соғликни сақлаш тизими, маориф ва савдо-сотиқ яхшиланди. Биз Ҳолландия фахрланиши мумкин бўлган кўзга кўринарли натижаларга эришдик", деб айтди генерал Петер ван Ум.

Толибон Ҳолландиянинг ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш қарорини олқишлаган, бошқа мамлакатларни ҳам Ҳолландиядан ўрнак олишга чақирган.

Ҳозир Афғонистонда НАТО ва АҚШ қўмондолиги остида 145 минг қўшин жойлаштирилган.