Шимолий Афғонистон яна Толибон жангарилари таҳдиди остида

Президент Ҳомид Карзай қуролини ташлаган ва мўътадил Толибларни ўз ҳукуматига киритишни ошкора айтмоқда.

У ҳатто бир сафар Толибларни "сазаси синган биродарларимиз", деб атаган.

Аммо Афғонистондаги кўпчилик Толибонни ўзига биродар санамаслиги аниқ.

Толибон мамлакатдаги энг катта сонли, аммо мутлақ кўпчиликни ташкил этмайдиган Пуштун миллатидан иборат. Толиблар аслида Пуштунларга хос қаттиққўл исломий амалларга риоя қилишади.

Афғонистондаги бошқа миллатлар - Тожиклар ва Ўзбеклар эса Толибон ғояларини доимо ўзлари учун бегона билишган ва Толибонга қарши курашиб келганлар.

Ҳатто, айнан Толибларнигн шимолга юришлари манзарасида бу ердаги ўзаро рақиб гуруҳлар бирлашиб, иттифоқ тузгандилар.

Яна бир йирик жамоа - шиа Ҳазоралар эса Толибондан энг кўп жабр кўрган миллатдир.

Бу қавмларнинг ишонишича, Толибон умумисломий қадриятларни байроқ қилган эса-да, амалда Пуштун етакчилиги ва одатларини ўрнатишга интилади. Уларни ҳукуматга қабул қилиш эса, Афғонистонда фақат Пуштун етакчилигига эришишнинг бир қисми бўлиши мумкин.

Шу асно форсийда гапирса-да, ўзи ҳам асли Пуштун миллатига мансуб Президент Ҳомид Карзай Толибонни "биродаримиз", деб атаганда бутун мамлакат номидан гапира олмаслигини яхши билади.

"Толибон билан мулоқотга бориш азалий тинч ва аксилтолиб кайфиятидаги Шимолий Афғонистонда баҳсларга сабаб бўлмоқда" - деб ёзади Би-би-си Форс Хизмати мухбири Доуд Қоризода.

"Барча даҳшат яна қайтиб келади. Яхшиси, армияни кучайтириб, исёнкорларни мағлуб этиш керак" - деб айтади Би-би-си билан суҳбатда бир шимоллик киши.

Нисбатан эркин шимоллик аёллар эса на ўқиш, на ишлаш имкони бўлмаган Толибон даврини эслаб, хавотир билдирадилар.

Дарҳақиқат, Термездан атиги бир соат узоқдаги Мозори Шарифда Тожик, Ўзбек ва ё Ҳазора аёллар матбуот, инсон ҳуқуқлари, таълим ҳамда тиббиёт соҳаларида анча фаоллар. Ўқиган қиз-жувонлар бошда биргина рўмол билан бемалол кўчага чиқа олишади.

Аммо аксар пуштунлар яшовчи жанубда аёл киши ҳатто бурқа кийиб бўлсаям, ёлғиз ҳолда остона ҳатлаб кўчага чиқа олмайдиган ҳудудлар кўп.

Бу эса Афғонистон шимоли ва жануби ўртасидаги йирик маданий фарқни кўрсатади. Шимолий Афғонистон асло жанубдек бўлишни истамайди.

"Менинг энг катта хавотирим - ўтган 9 йилдаги ютуқларимизнинг чиппакка чиқиб кетиши" - деб хавотир изҳор қилади Би-би-си билан суҳбатда шимолий Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Атто -" Демократик қадриятлар, аёллар ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги нима бўлади? Толибон бу каби эркинликларга асло тоқат қилмайди".

Шимолий Афғонистон мулозимлари тамомила ўзгача фикрловчи Толибон каби бир ҳаракат билан бир том остида, бир ҳукуматда ёнма-ён ишлашни тасаввур эта олишмайди.

Лекин Шимолий Афғонистон ҳам сўнгги йиллари нотинч. Толибон ва уларнинг паноҳида бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари азалдан тинч бўлиб келган Фарёб, Сарипул, Балх, Самангон ва Тахор каби вилоятларда бугун анча фаол.

Амударё бўйидаги Қундузда эса бутун бошли туманлар Толибон назоратида қолаётгани айтилади. Қундуз, аллақачон, хорижийлар боришга чўчийдиган ҳудудга айланиб улгурди.

Ўзбеклар зич яшайдиган ушбу вилоятларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг тил ва қиёфаси туфайли осонгина аралашиб кетишлари ўнғай. Толибон эса Марказий осиёлик жангарилардан шимолга ўз таъсирини ёйишда фойдаланишни кўзлаётган бўлиши ҳам эҳтмолдан узоқ эмас.

Бироқ Афғонистондаги Ўзбек, Тожик ва Ҳазора вакиллари ҳеч қачон Толибон билан муросага бормасликларини кўрсатишган.

Шу боис Толибон улар ҳисобига ўз сафларини кенгайтириши деярли имконсиз. Аммо Толибонни ўз сафига таклиф этаётган Афғон ҳукумати ҳам бугун ушбу миллатларни толиблар билан бирга ишлашга кўндира олиши ҳали эҳтимолдан узоқ кўринади.